Россиялик блогер Евгений Савин Ўзбекистон миллий жамоаси ва Италиянинг «Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳақида катта кўрсатув суратга олди. У футболчининг Ўзбекистонда барча босиб ўтган йўлларига эътибор беришга ҳаракат қилган. Савин «Бунёдкор» ва «Машъал» клубларида бўлиб, Шомуродов ҳақида клуб аъзоларидан сўраган. Кўрсатувнинг асосий қисмида блогер Элдор Шомуродов билан у туғилиб ўсган Жарқўрғон туманида интервью уюштирган.
Суҳбат аввалида Савин ўзбекистонлик футболчидан нега таътилни Дубайда ёки бошқа шаҳарда эмас, айнан Жарқўрғонда ўтказаётганини сўраган. Шомуродов эса уйда кам бўлиши сабаб шундай қарорга келганини айтган: «Доим чет элдаман-ку, ота-онамни кам кўраман. Шу сабаб уйга келишга қарор қилдим. Ўғлим туғилгани шарафига ош бердик, бизда шундай одат бор».
Савин Элдордан «Тошкентдан бу ерга келгунча кўрдимки, одамларнинг ҳаёт тарзи пасайиб боргандек кўринди, тўғрисини айт, сендан тез-тез қарз сўрашадими», деб сўраган. Шомуродов эса одамлар отасидан қарз сўраб туришларини айтган.
Ҳужумчи нега 61-рақамни танлаганини ҳам тушунтирган: «Борганимда 14-рақам банд экан. Кейин дўстим билан маслаҳатлашдим ва у 61-рақамни тавсия қилди (Ростов вилоятида ҳаракатланувчи машиналарнинг давлат рақами) ва бу фикр менга ёқди».
«Тоттенҳэм»нинг қизиқиши
Савин ўзбекистонлик футболчидан «Рома»нинг қизиқиши ҳақида сўраган. Шомуродов эса бундан бехабарлигини айтган. Кўрсатув давомида Савин билан суҳбатлашган Элдорга агентлик хизматини кўрсатувчи ProSports Managеment компанияси раҳбари Герман Ткаченко эса Моуриньонинг унга қизиқиш билдиргани ҳақида гапирган. Ткаченкога кўра, Моуриньо Элдорнинг ўйинларини кузатиш учун «Тоттенҳэм» скаутларини ҳам юборган. Чунки ўша вақтда Лондон клубига трансфер баҳоси қиммат бўлмаган футболчи керак бўлган. У вақтда Шомуродов «Ростов» сафида бўлган ва жамоаси «Маккаби» тўсиғидан ўтса, «Тоттенҳэм» билан ўйнаши керак бўлган. Бироқ бундай бўлмаган ва шу билан «Тоттенҳэм» варианти унутилган.
Шунингдек, Ткаченко ўзбекистонлик ҳужумчини «Штутгарт» қўлга киритишни жуда хоҳлаганини таъкидлаган. Унинг айтишича, немислар ҳатто футболчига тўйи куни совға ҳам юборишган. У Германияда бўлганида топиб, клуб стадионини, шаҳарнинг қаерида масжид борлигигача кўрсатишган. Савин Ткаченко Абрамович билан дўст эканини эслатиб, Шомуродовнинг «Челси»га ўтиши борасида савол ташлаган. Футболчи бу фаолиятининг энг чўққиси бўлиши мумкинлигини айтган бўлса, Ткаченко бошқачароқ изоҳлаган: «У билан дўстлигимиз қачон «Челси»га футболчимиз йўл олишида ёрдам бериши мумкин биласанми? Қачонки, топ-топ клуб бўлган «Челси» қайсидир клуб билан бизнинг мижозимиз бўлган футболчи билан курашса. Буни эса мен орзу қиламан».














