Ҳозир “Лангар”да яшайдиган аҳолининг асосий даромади чорвадан, лекин қурғоқчилик сабаб аҳоли даромади яхши эмас.

Чекка ҳудудда жойлашган маҳалла аҳлининг айтишича, меҳнат ёшига етган йигитлар, асосан, четдан иш излайди. Лекин бир пайтлар “Лангар” жуда гавжум, ҳамма иш билан банд бўлган.

Қўрғончага кириб боришда шундоқ йўл устида бир гуруҳ ободонлаштириш ходимлари билан учрашдик. Шу маҳалла аёллари бўлган ишчилар биз билан суҳбатда яшаб турган жойларининг ўзида иш топиш қийинлиги, шунинг учун кўпчилик хориждан иш излаши ҳақида гапириб беришди.

“Кўпчилик Тошкентга, Россияга, Қозоғистонга иш излаб кетган. Маҳаллада, асосан, ёши катталар, аёллар ва болалар қолган. Болалар оталарини кўрмасдан катта бўляпти”, – деди биз билан суҳбатда Насиба Ўролова.

Кейинги манзилимизда эса бизни қизиқ саргузашт кутиб турган экан. Маҳалла биноси олдида бизни кўрган маҳалла раиси “Лангар” МФЙ ҳудудига кириш учун ҳокимиятдан махсус рухсатнома олишимиз кераклигини, хизмат гувоҳномамиз ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини айтиб, ҳудуддан чиқиб кетишимизни талаб қилди.

Биз эса маҳалла алоҳида рухсатнома олиб кириладиган ҳудуд эмаслигини, аҳоли яшаш пунктларида камерада тасвирга олиш учун рухсат талаб қилинмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилдик.

Туман марказидан узоқдаги маҳаллада раислик қилаётган Муродулла Ғаниевни ОАВ ва журналистлар ҳуқуқлари ҳақида етарлича хабардор эмаслигини тўғри тушуниш мумкин, лекин маҳалла раиси қўнғироқ қилиб боғланган Хатирчи туманининг турли ташкилотлари раҳбарларининг “Репортажга рухсат берманг” деб буйруқ оҳангида берган топшириқларини тушуниш қийин.

Хуллас, маълум тушунтиришлардан сўнг, маҳалла ҳудудида репортаж қилишни бошладик.