Жаҳон | 00:01 / 15.07.2021
22166
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг бешта самолёти Россия чегаралари яқинида бирданига разведка олиб борди

14 июлда АҚШнинг бирданига бешта ҳарбий самолёти Россия чегаралари яқинида кўп соатлик парвозлар амалга оширди. Бундан парвозларни мониторинг қилувчи ғарб ахборот ресурслари маълумотлари дарак бермоқда.

Фото: Wikipedia

Маълумотларга кўра, АҚШнинг рақиб кучлари жойлашуви ҳақидаги ахборотни йиғиш ва авиация зарбаларини бошқариш вазифаларини бажарувчи разведка самолёти E-8C Joint STARS Эстония ҳаво ҳудудида Россиянинг Ленинград ва Псков областлари чегараси яқинида парвоз қилган. Самолёт АҚШнинг Германиядаги Рамштайн авиабазасидан ҳавога кўтарилган.

АҚШ армиясининг яна иккита радиоэлектрон разведка самолёти Beechcraft RC-12X Guardrail Литванинг Шяуляй шаҳридаги базадан ҳавога кўтарилиб, Литва ҳаво ҳудудида Калининград областининг шимолий қисми бўйлаб парвозларни бажарган.

Кейинроқ АҚШ армиясининг яна бир самолёти Bombardier Challenger 650 ARTEMIS Калининград областидан шимолда Литва осмонида 5 соат давомида топшириқ бажарган. Самолёт Руминиянинг Констанца шаҳри яқинидаги аэропортдан учган.

Бундан ташқари, Қора денгизда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг стратегик разведка самолёти RC-135V Россия чегаралари яқинида кўп соатлик парвозни амалга оширган. У Краснодар ўлкаси соҳиллари ва Қрим жануби бўйлаб учиб, сўнгра 5 соатдан кўпроқ вақт давомида яриморолнинг жануби-ғарбий қисми яқинида учиб юрган. 

Бундан ташқари, 14 июлда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг кемаларга қарши P-8A Poseidon самолёти Сурияда Россия ҳарбий-денгиз флоти моддий-техник таъминот базаси ва Ҳмаймим авиабазаси жойлашган ҳудуд устида учиб юрган.

Мавзуга оид