Ўзбекистон | 13:00 / 15.07.2021
9932
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда аёл 2 нафар фарзанди билан ўзини поезд остига ташлаб вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида қайнотаси билан тортишиб қолган аёл 2 нафар фарзанди билан ўзини поезд тагига ташлаб вафот этган. Прокуратура томонидан ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича,  2021 йил 11 июль куни соат 14:55ларда Қашқадарё вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими навбатчилик қисмига Самарқанд-Қарши йўналишида ҳаракатланиб кетаётган электровоз аёл ва икки нафар болани уриб юборгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, 2021 йил 11 июль куни соат 14:30ларда 49 та юк вагондан иборат юк поезди машинисти Самарқанд-Қарши йўналишида ҳаракатланиб бораётиб, Чироқчи тумани «Шўрбозор» МФЙ ҳудудидан ўтаётганда тахминан 100-150 метр масофада аёл ва икки нафар болани кўриб қолган. Уларга огоҳлантирув сигналини чалган ва тормоз босган.

Аммо поезд яқин масофага келганда Чироқчи тумани, «Шўрбозор» МФЙ, Шўрбозор қишлоғида яшовчи фуқаро Г.Э. огоҳлантирувчи сигнал беришига қарамасдан ўзини ва икки нафар вояга етмаган фарзанди 2015 йилда туғилган Ш.С ва 2021 йил мартда туғилган С.Б. билан поезд остига ташлаган. Оқибатда, уларнинг учаласи ҳам оғир тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Қарши транспорт прокурори томонидан жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, аёлнинг турмуш ўртоғи Россияда бўлган. Ўша куни у қайнотаси билан тортишиб қолиб, ўзи ва фарзандларининг жонига қасд қилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид