Обуначиларига пул тарқатишини айтиб, Тошкентдаги Амир Темур хиёбони атрофида карантин бўлишига қарамай 200дан ортиқ ёшларнинг тўпланишига сабаб бўлган россиялик блогер Субхан Мамедовга чора кўрилмагани жамоатчилик танқидига сабаб бўлган эди.
14 июл куни Kun.uz бу масалада Тошкент шаҳар ИИББдан изоҳ сўраганида, бу воқеа бўйича блогер ва бошқаларга нисбатан ҳеч қандай маъмурий баённома тузилмагани айтилган эди.
Бироқ, жамоатчилик танқидлари ортидан, ИИББ блогер ва ундан ташқари яна 25 нафар шахс жаримага тортилганини билдириб қўшимча баёнот чиқарди.
“Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган дастлабки текширув натижасига кўра, 26 нафар фуқаро (шу жумладан С.Мамедов ва унинг кузатувчилари) карантин қоидаларига зид равишда жамоат жойида тиббий ниқобсиз бўлганликлари учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди, 83 нафар фуқарога нисбатан ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнида, 9 нафар вояга етмаган шахсларнинг ота-онаси билан профилактик суҳбат ўтказилиб, огоҳлантирилди. Ҳозирда суриштирув ишлари давом эттирилмоқда”, – дейилади бошқарма ахборотида.
Баёнотга россиялик блогер жаримани тўлагани ҳақидаги тўлов квитанцияси илова қилинмаган. Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Отабек Умаров автомобилида тақиқланган тезликда ҳаракатланиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун жарима тўлагани хабар қилинганда бунинг исботи ўлароқ тўлов квитанцияси ҳам илова қилинганди.
МЖтКнинг 54-моддасига кўра, карантин пайтида жамоат жойида ниқобсиз бўлиш 5 БҲМгача жарима билан жазоланади.
Блогерни ЙПХ ходимлари ва UZB-тоифа рақамли машиналар қўриқлаб юргани ҳам инкор қилинди

















