Португалия Норвегияни сафарда мағлубиятга учратди. Бу ўйинда барча Роналду ва Ҳоланд қарама-қаршилигини кўрмоқчи эди, аммо португалларнинг янги бош мураббийи Жоржи Жезуш Криштиану Роналдуни захирада қолдирди. Унинг ўрнига асосий таркибда тушган Гонсалу Рамуш эса ғалаба голини урди.
Португаллар 17-дақиқадаёқ ҳисобни очишди: Жоау Феликс жарима майдони ташқарисида тўпни Педру Нетудан қабул қилди ва тахминан 16 метр масофадан туриб, қайтариб бўлмас зарба йўллади. Кейин эса Ҳоланд ўта қулай позицияда турганига қарамай, Эдегорнинг ажойиб пасини йўққа чиқарди.
Бир неча хатолардан кейин Эрлинг барибир ўз мақсадига эришди ва 51-дақиқада жарима зарбасидан кейин ҳисобни тенглаштирди. Ҳоланд қаторасига еттинчи ўйинда гол урмоқда. «Сити» форварди жорий мавсумда клуб ва миллий жамоа сафидаги 9 ўйинда урган голлари сонини 10 тага етказиб қўйди.
Аммо португаллар барибир ғалабани илиб кетишди – ҳисоб тенглашганидан кўп ўтмай мезбонлар дарвозабони Эрян Нюланд қўпол хатога йўл қўйди. У тўпни Рамушга топшириб қўйди, Роналдунинг рақобатчиси эса техник ижро билан тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлади.
Рамуш шу куни дублга эришиши мумкин эди, аммо унинг иккинчи голи офсайд туфайли бекор қилинди.
Ўйин охирида эса мезбонлар учун яна бир ёқимсиз ҳолат кузатилди. Жамоа сардори, «Арсенал» футболчиси Мартин Эдегор ҳимоядан тўп билан чиқаётганида «Сити» собиқ футболчиси Бернарду Силва унинг оёқғига қасддан зарба берди, жабрланувчи ўйинни оқсоқланганча давом эттирди, аммо бошқа югура олмади.
Мавзуга оид
Роналду эса чигалёзди машқларини бажариб турган бўлса-да, шу куни барибир майдонга туширилмади. У 2024 йил июнидан буён илк бор ўйин қайдномасига киритилган бўлса-да, майдонга тушмади. Бу оралиқда у 27 ўйинда бошланғич таркибда тушган, бир марта захирадан ўйинга қўшилганди.
Ўйиндан кейин Жорже Жезуш Роналдуни майдонга туширмаганини шундай изоҳлади:
Уни ярим соатга майдонга туширишни ўйлагандим, аммо ўйин давомида бошқача вазиятлар юзага келди. Мен уни майдонга туширадиган қулай вақт эмас деб ҳисобладим. Олдинда яна иккита ўйинимиз бор. Бу уни авайлаганимдан эмас, у мен хоҳлаганча дақиқа ўйнашга тайёр эди. Бу менинг қарорим эди. Менга майдонда бошқача хусусиятларга эга бўлган футболчи керак бўлди. Аммо бу Роналду энди режаларимга кирмайди, дегани эмас – аксинча. Эҳтимол, энди у Данияга қарши ўйинда майдонга тушар.
Португалия усиз гуруҳда қаторасига иккинчи ғалабасига эришди ва гуруҳ пешқадамлигини ўз қўлига олди.
Дания Уэлсга қарши ўйинни бир-бирига ўхшаш голлар билан ҳал қилди: стандарт вазиятлардан икки узатма ва иккиси ҳам деярли бир нуқтадан – икки гол. 53-дақиқада британияликлар ҳимоячиси Бен Дэвис ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди, 66-дақиқада Густав Исаксен жарима майдонида барчадан илдамроқ ҳаракат қилиб, иккинчи голни урди.
Шу билан бирга, бу ўйин данияликлар учун ёқимсиз йўқотиш билан ҳам ёдда қолди. 30-дақиқада «Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси Патрик Доргу рақиб жарима майдонида тўпга зарба бериш вақтида жароҳат олди. Тўпиғини ушлаганча газонга йиқилган футболчи ўйинни давом эттира олмади ва оқсоқланиб майдонни тарк этди.
1 октябр. Дания – Португалия, Уэлс – Норвегия.
А лигаси, 2-гуруҳ
Нидерландияда янги тўпурар
Сербия – Нидерландия 1:2 Голлар: Меердинк, 30 – пеналти (0:1). Йович, 46 (1:1). Меердинк, 69 (1:2) Сербия: В. Милинкович-Савич, Павлович (Костич, 71), Гудел, Бабич, Терзич, Неделкович (Эракович, 59), Станкович (Максимович, 59), Лукич, С. Милинкович-Савич (Тадич, 46), Живкович, Йовелич (Йович, 46) Нидерландия: Вербрюгген, ван Дейк, ван Ҳекке, ван де Вен, Думфрис (Ю. Тимбер, 80), Верман, Рейндерс (Тэйлор, 67), Гравенберҳ (Тил, 67), Гакпо (ван Боммел, 17), Саммервилл, Меердинк (К. Тимбер, 80) Огоҳлантиришлар: Лукич, 12 – Ю. Тимбер, 85
Нидерландия Сербия устидан ғалабага эришди. АЗ Алкмар клубининг 23 ёшли ҳужумчиси Мекс Мердинк дублни расмийлаштирди: миллий жамоада иккинчи ўйинида майдонга тушган футболчи биринчи бўлимда пеналтидан ҳисобни очди, танаффусдан кейин эса ғалаба голини урди.
Аммо бу ўйин ҳам жароҳатсиз кечмади. Ўйиннинг 17-дақиқасидаёқ «Ливерпул» ҳужумчиси Коди Гакпо Саша Лукич ишлатган подкатдан кейин тўпиғини ушлаган ҳолда газонга ўтириб олди. Шифокорлар томонидан биринчи ёрдам кўрсатилганидан кейин ўз ўрнини Рубен ван Боммелга бўшатиб берди.
У Нидерландия миллий жамоасининг йиғинда жароҳат олган учинчи ҳужумчиси бўлди. Дастлаб машғулот вақтида «Рома» ҳужумчиси Дониэл Мален сафдан чиққанди. Ўтган турда Германияга қарши ўйинда эса «Сандерленд» ҳужумчиси Браян Бробби ҳам жароҳат олди.
Германия кутилмаганда грекларга ютқазиб қўйди – 0:1. Иккинчи бўлимда захирадан тушган Димитрис Курбелис 74-дақиқада ўйиндаги ягона голни урди. Бу меҳмонларнинг ўйин давомида дарвоза соҳасига тўғри борган ягона зарбаси эди. Германия эса 16 та зарбадан (бештаси дарвоза соҳасига тўғри борган) бирорта гол ура олмади.
Немислар шу куни тўпга эгалик қилиш бўйича яққол устунлик қилишди (76 фоиз), фаолроқ ҳаракатланишди, аммо ютқазишди. Юрген Клопп миллий жамоада ҳамон илк ғалабасига эриша олмади, ўтган турда Нидерландияга қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда ғалаба қўлдан чиқарилганди (1:1).
1 октябр. Германия – Сербия, Греция – Нидерландия.
Гуруҳ пешқадамини аниқлаш учун ўтказилган ўйинда Австрия Косовони мағлуб этди. 23-дақиқада ҳимоячи Давид Аффенгрубер қанотдан оширилган узатмани голга айлантирди, 45+1-дақиқада Жуниор Адам қарши ҳужумни гол билан якунлади. Биринчи бўлимдаёқ ҳисоб йирик кўриниш олиши мумкин эди, аммо яккама-якка вазиятга чиқиб борган Виммер иккиланиб қолди ва зарба бериш ўрнига манзилсиз узатма бериб, тўпни йўқотди. Лекин иккинчи бўлимда захирадан тушган Карни Чуквуэмека барибир учинчи голни урди. Иккинчи бўлим давомида фаолроқ ҳаракатланган косоволиклар ҳам ўзлари ҳақли бўлган жавоб голини уришди – ўйин охирларида Эдон Жегрова пеналтини аниқ ижро этди.
Энди икки турда ҳам бир хил 3:1 ҳисобларида ғалаба қозонган Австрия гуруҳда пешқадамлик қилмоқда.
Ирландия йилнинг энг можароли ўйинида Исроилни йирик ҳисобда таслим этишди – 3:0. Ўйин сиёсий акция билан бошланди: ирландлар Исроил мадҳияси янграётганида бошларини эгиб олишди, кейин эса рақиб билан қўл бериб кўришишдан бош тортишди. Мадҳиялардан кейин икки жамоа футболчилари ҳам жамоавий суратга тушиш учун ортга бурилишди. Қолаверса, ирландлар шу куни ўйинга қора боғич таққан ҳолда тушишди.
Майдонда эса интрига бўлмади. Ирландия барчасини дастлабки 25 дақиқада ҳал қилишди. Трой Пэрротт аввалига тўпни дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтказиб ҳисобни очди, кейин эса Адам Ида дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, ҳисобдаги фарқни оширди, кейин яримҳимоячи Жек Мойлан якуний ҳисобни ўрнатди.
Литва ва Озарбойжон ўзаро ўйинда дуранг қайд этди – 1:1. Икки гол ҳам дастлабки 15 дақиқаликда урилди. Литваликлар Армандас Кучиснинг пеналтидан урган голи эвазига ҳисобни очганди. Кўп ўтмай меҳмонлар дарвозабон хатосидан унумли фойдаланди: Махир Эмрели тўпни Жюгас Барткуснинг оёқлари орасидан ўтказди. Кипер рақиб футболчиси ўгирилган ҳолда йўллаган кучсиз зарбани ўтказиб юборди.
1 октябр. Озарбойжон – Лихтенштейн.
D лигаси, 1-гуруҳ
Гибралтар – Андорра 0:0
Шу куни фақат Гибралтар ва Андорра ўйинида гол урилмади – 0:0. Андорраликлар фаолроқ ҳаракатланишди ва зарбалар бўйича 10:5, голли вазиятлар бўйича 4:0 кўринишида устунлик қилишди. Аммо меҳмонлар вазиятлардан фойдаланишда оқсашди ва ҳисоб очилмай қолди.