Ўзбекистон | 12:46 / 16.07.2021
8498
4 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт, хавфсизлик, илм-фан ва сайёҳлик – Шавкат Мирзиёев ўндан ортиқ таклифларни илгари сурди

Тошкент шаҳрида давом этаётган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда президент Шавкат Мирзиёев бир қанча таклифларни илгари сурди.

Хусусан:

— Марказий ва Жанубий Осиёда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш. Бунда «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўл тармоғи минтақаларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий бўғинига айланиши керак;

— Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини иқтисодий ривожлантириш мақсадида истиқболли рақамли платформаларни жорий этиш. Бунинг учун савдо, транзит, чегаралардан ўтиш борасида рақамли ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқиш ва бу жараёнга БМТнинг ихтисослашган тузилмалари экспертларини жалб этиш;

— Минтақалар ҳудудида ҳамкорликда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Дастур ишлаб чиқиш учун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) шафелигида қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиш;

— Хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хавф- хатарларга қарши курашишда кучларни бирлаштириш. Дастлабки қадам сифатида БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси иштирокида Гиёҳвандликка қарши қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш таклиф этилди;

— «Яшил» иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалаларига алоҳида эътиборни қаратиш;

— Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш. Бунда янги ва қулай сайёҳлик маҳсулотлари ва йўналишларини, «зиёрат туризми»ни ривожлантириш, вакцинация бўйича ўзаро тан олинган сертификатлар асосида «Янги шароитдаги туризм» концепциясини жорий этиш;

— Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти доирасида Марказий ва Жанубий Осиё бўйича халқларимизнинг тарихий ва маданий меросини оммалаштиришга қаратилган Дастур ишлаб чиқиш;

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев:

— Илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш мақсадида Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида «Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси» мавзусида халқаро форум ўтказишни таклиф қилди;

— Ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш;

— Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш, шунингдек, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича онлайн-платформа яратиш;

— Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ушбу таҳлил маркази қошида мамлакатларимизнинг таниқли олимлари, тадқиқотчи ва таҳлилчиларидан иборат Экспертлар кенгашини тузиш;

— Ушбу конференция якунлари бўйича Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида, умуман, Евросиё маконида доимий ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили сифатида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида махсус резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиб, БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиш таклиф қилинди.

Бундан олдинроқ Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик битимини тузиш ва йиллик минтақалараро форум ўтказишни таклиф этгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид