Ўзбекистон | 17:19 / 16.07.2021
15883
2 дақиқада ўқилади

Покистон бош вазири Имрон Хон Самарқандга ташриф буюрди

Расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Покистон Бош вазири Имрон Хон Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра, Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон бугун Самарқандга келди.

Самарқанд халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов кутиб олган.

Қайд этилишича, Покистон Бош вазири кўҳна шаҳар билан танишишни Имом Бухорий қабрини зиёрат қилишдан бошлаган. У, А.Арипов ҳамроҳлигида Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилган. Қуръон тиловат қилиниб, буюк аллома ёд этилган.

Таъкидланишича, Ислом оламида муҳаддислар султони, деб эъзозланадиган Имом Бухорий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, бу зот номи билан боғлиқ масканни обод этиш борасида олиб борилаётган ишларга Покистон Бош вазири юксак баҳо берган

Эслатиб ўтамиз, Покистон бош вазири бугун, 16 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция ишида иштирок этди.

Мавзуга оид