Ўзбекистон | 14:51 / 16.07.2021
29265
3 дақиқада ўқилади

Лавров: Афғонистондаги вазият қўшни давлатларга реал хавф туғдирмоқда

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Тошкентдаги конференцияда чиқиш қилиб, Афғонистондаги вазият кун сайин ёмонлашиб бораётганини қайд этди.

Тошкентда ўтказилаётган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференциясига ташриф буюрган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров тадбирда нутқ сўзлади.

«Аввало бундай конференция ташкиллаштирилгани учун Ўзбекистонга ва президент Мирзиёевга миннатдорчилик билдираман.

Афғонистондаги вазият кун сайин мураккаблашиб бораётгани кун тартибидаги қатор масалалар ечими учун бундай тадбирлар қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Сўнгги пайтда АҚШ ва НАТО ҳарбий контингентининг бу давлатдан тезкор олиб чиқилиши катта ноаниқликлар ҳамда инқироз ҳолатини келтириб чиқармоқда. 

Вазият террористик хавф ҳамда катта миқдордаги наркотик моддалар савдосига замин яратяпти. Бу давлатдаги нотинчлик қўшни давлатларга тарқалиши хавфи бор. Бундай реал хавф эса Афғонистонни ҳудудий ҳамкорликка жалб этишга жиддий тўсиқ бўлади», дея хавотирларини билдирган Лавров. 

У расмий Москва зиддият томонларининг фаол мулоқоти ва музокаралар форматини кенгайтириш тарафдори эканини қайд этган.

«Россия Афғонистонда ёвлашаётган томонларнинг сулҳга эришиши тарафдори эканлигини яна бир бор таъкидлайман. Фақат халқаро ҳамкорлар кўмагидаги тўғридан тўғри музокараларгина масаланинг ечими бўла олади.

Биз Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган барча ҳаракатларни, шу жумладан, бу борадаги Ўзбекистон таклиф қилаётган ғояларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз.  

Ўзбекистон президентининг янги транспорт коридорлари яратиш бўйича ғояларига қизиқиш билдирмоқдамиз ва муҳокама қилишга тайёрмиз. Ҳамкорликдаги режаларимиз орасида энергетик лойиҳалар муҳим ўрин эгаллайди. Бу борада ўнлаб лойиҳалар бор ва улар орасидаги ҳамкорликдаги лойиҳамиз Марказий Осиёда биринчи бўлган ва Ўзбекистонда йўлга қўйилаётган атом электростанциясини алоҳида таъкидламоқчиман», дея Россия Ташқи ишлар вазирининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Афғонистонда ҳукумат кучлари ва «Толибон» ҳаракати вакиллари ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда, кўп вақт давомида асосан мамлакатнинг қишлоқ ҳудудларида фаолият кўрсатган толиблар, америкалик ҳарбийлар мамлакатдан олиб чиқилиши бошлангач, кенг кўламли юришлар бошлади ва кўплаб туманлар марказлари эгаллаб олинди. 

2020 йилда Дональд Трамп маъмурияти «Толибон» билан 20 йилга яқин давом этган урушни якунлаш ва хорижий ҳарбийларни Афғонистондан олиб чиқиш бўйича келишув имзолади, унга кўра, толиблар мамлакат ҳудудида террорчи кучлар фаолиятига йўл қўймаслиги ва Кобулдаги расмий ҳукумат билан асирлар алмашиб, тинчлик музокараларига киришиши кўзда тутилганди.

Аксар мутахассислар Америка ҳарбийлари сентябрда тўлиқ олиб кетилгач, Кобулдаги ҳукумат ярим йил ичида қулашини прогноз қилишмоқда. Россия президентининг Афғонистон масалалари бўйича маслаҳатчиси Замир Кабуловнинг ҳисоблашича эса, уруш яна икки ой давом этади, аммо толиблар ҳозиргача туманларнинг қарийб ярмини қўлга киритган бўлишса-да, республикани тўлиқ эгаллай олишмайди.

 

Мавзуга оид