Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм,

Муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар, азиз юртдошлар! 

Жаҳон оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларга кўра, қарийб бир ярим йилдан бери инсониятга синов, имтиҳон бўлиб келган вабо – коронавирус пандемияси учинчи, айрим мамлакатларда тўртинчи тўлқин тарзида намоён бўлмоқда. Аллоҳга шукрки, ўтган йили ҳукуматимиз ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси амалга оширган қатор чора-тадбирлар сабаб ушбу касалликнинг оқибатлари бирмунча енгил кечди. Аммо бу йилги ёз чилласи кириб келиши билан вируснинг тарқалиши яна авж олди.      

Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим асослардан биридир. Уларга зарар етадиган ҳолатларда шариат ўз талабларини инсониятга енгиллатади.

Мамлакатимизда касалликнинг кенг ёйилиб кетиши олдини олиш, унинг асоратларини енгиллатиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жамоат жойларида тўпланмаслик, йирик тантана ва тадбирлар ўтказмаслик, ниқоб тақиш, ўзаро масофа сақлаш ва вакцина олиш бўйича чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

COVID-19 вабоси асосан, ҳаво-томчи, қўл бериб сўрашиш каби ҳолатларда юқади. Шундай экан, жамоа бўлиб тўпланиш ҳолатлари ушбу хатарли вируснинг тарқалишига асосий сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир” (Бақара сураси, 195-оят).

Бу оятда мўмин-мусулмонлар ҳалокатга сабаб бўладиган ишлардан тийилишга буюрилган.

Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ислом динида зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар.

Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.

Мўътабар фиқҳий китобларимизда:

“Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”; яъни: “Қийинчилик енгиллатишни жалб қилади” каби фиқҳий қоидалар келтирилган. Шулардан келиб чиқиб, шариат инсон ҳаётига зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ўз талабларини енгиллатади ва одамларга бир қанча рухсатлар беради.