«Равот» маҳалласи туманнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Одатда, бундай маҳаллаларга эътибор кам бўлади. Бироқ, 2019 йилда ҳудуд «Обод маҳалла» дастурига тушган. Маҳалладаги уйларнинг деворлари, йўллар таъмирланган, манзарали дарахтлар экилган, эски электр сим устунлари янгисига алмаштирилган. Аммо маҳалланинг икки кўчаси – Маҳорат-1 ва Маҳорат-2 кўчаларида бу ишлар бажарилмаган.

«Хоразм минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонаси маълумотига кўра, «Равот» маҳалласида ички йўллар узунлиги 11,85 км бўлиб, 2019 йилда 10,65 км йўлни таъмирлаш учун 2,3 млрд сўм ажратилган. Аммо Маҳорат-1 ва Маҳорат-2 кўчалари манзилли дастурга киритилмаган. Шу сабабли, бу кўчаларда таъмирлаш ишлари олиб борилмаган.

Оқибатда ушбу кўчаларнинг йўллари ёзда чанг-тўзон билан қопланиб, қишда юриш оғир бўлган ботқоққа айланмоқда. Эски электр сим устунлари эса одамлар ҳаёти учун хавф туғдирмоқда.

Маҳалла фахрийлари ушбу ижтимоий муаммолар юзасидан кўплаб идораларга мурожаат қилган бўлишига қарамай, амалда вазият ўзгармаяпти. Раҳбарлар ҳар йили йўлларни таъмирлаш масаласи манзилли дастурга киритилиши ҳақида ваъда беришмоқда. Аммо муддат етиб келганида, иш яна ортга суриляпти.

Мисол учун, Урганч тумани ҳокимлигининг 2019 йил сентябрь ойидаги хатида шундай дейилган: «Сиз яшаб келаётган ҳудуднинг ички хўжалик йўлларини ҳақиқатан ҳам таъмирлаш кераклиги аниқланди. Йўлларнинг таъмирталаблик даражасига қараб, биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган қабристонлар, мактаб ва боғчаларга олиб борувчи йўллар таъмирланмоқда. Сизнинг мурожаатингизда кўрсатилган ички хўжалик йўлини 2020 йил таъмирлаш дастурига киритилганини билдирамиз».

Бироқ, 2021 йил ўтиб бораётган бўлса-да, бу ваъда бажарилмаган.

Яқинда Урганч тумани ҳокимлиги «Равот» маҳалласи аҳолиси мурожаатига яна муносабат билдириб, навбатдаги ваъдаларни берди. «Ушбу кўчалар 2021-2022-2023 йил ички хўжалик йўллари жорий таъмирлаш дастурига киритилгани ва 2021-2022 йилларида таъмирлаш ишлари олиб борилишини маълум қиламиз», дейилади муносабатда.