Спорт | 01:18 / 19.07.2021
26044
6 дақиқада ўқилади

Сузиш федерацияси бош котиби ишдан олинди. Олдинроқ ўзбекистонлик сузувчилар ғирром йўл билан олимпиадага чиққани айтилганди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниев ишдан олинган. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтида баёнот пайдо бўлди. Унда айтилишича, Ғаниев вақтинча ўз лавозимидан четлаштирилган.

Қуйида МОҚнинг баёноти айнан келтирилади.

«Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси фаолияти давомида доимо олимпизмнинг эзгу ғоялари ва спортдаги ҳалол рақобатни тарғиб қилиб келган. Барча миллий федерацияларни ҳамиша анти-допинг ва бошқа қоидаларга қатъий риоя этишга, халқаро мусобақаларни ўтказишда ўрнатилган тартибларга бўйсунишга ва уларни ҳурмат қилишга чақирган.

Туризм ва спорт вазирлигининг тақвим режасидан ўрин олган, Халқаро сузиш федерацияси (FINA) шафелигида ўтказилган сузиш бўйича лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатида юз берган вазият катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. МОҚ ушбу ҳолатга ўз позициясини қуйидагича баён этади:

Ўзбекистон сузиш федерациясининг хабар беришича, мусобақа якунланганидан кейин 2021 йилнинг 21 апрел санасида унда иштирок этган ҳиндистонлик спортчи Ликит Селвараш Према турнир давомида ноҳақликка йўл қўйилгани, маҳаллий спортчиларнинг вақтлари нотўғри кўрсатилгани ҳақидаги видеомурожаатини YouTube ижтимоий тармоғига жойлайди.

Қайд этиш жоиз, лицензион Ўзбекистон очиқ чемпионатларига МОҚ раҳбарияти доимий ташриф буюриб турган, тезкор штаб вакили Мирсардор Алимов ҳам мусобақани мунтазам кузатиб борган. Мусобақадан сўнг шу ернинг ўзида кичик йиғилиш ташкил этиб, тайёргарлик жараёнини янада кучайтириш, машғулотлар сифатини ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилган.

Турнир якунлангач, Ўзбекистон сузиш федерацияси мусобақалар протоколини МОҚга тақдим қилган ва унда 5 нафар атлетимизнинг Токио-2020 нормативини бажаргани кўрсатиб ўтилган. Тақдим этилган протоколларда белгиланган қоидаларнинг бузилиши, шу жумладан, кейинчалик ҳиндистонлик сузувчи томонидан қайд этилган воқеа ҳақида маълум қилинмаган. Шунингдек, бирор хорижий делегация томонидан, жумладан, Ҳиндистон жамоаси томонидан мазкур лицензион турнир бўйича шикоят тушмаган.

Ўзбекистон сузиш федерациясининг маълумотига кўра, FINA ушбу турнирларда қайд этилган натижаларни тан олмади. Ўзбекистон сузиш федерацияси бош котиби Алишер Ғаниевнинг сўзларига кўра, FINA бу бўйича Тошкентга расмий хат жўнатмаган. Бироқ Ўзбекистон сузиш федерацияси бир неча бор FINAга тақдим этилган маълумотларга аниқлик киритиш учун хабар йўллаган ва ҳатто бу масала бўйича Спорт арбитраж судига (CAS) мурожаат қилган. Якунда эса халқаро ташкилот йўллаган «Universal Place» асосида фақатгина 2 нафар ҳамюртимиз – Хуршиджон Турсунов ва Наталья Критинина Токио-2020 ўйинларига йўлланма олишди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, шунингдек, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши расмий равишда ушбу ҳолат ҳеч қандай спорт тамойилларига мос келмаслигини ва олимпизм қадриятларига мутлақо зид эканлигини маълум қилади. Ўз ўрнида, бошқа федерациялар ва спорт ташкилотларидан ҳам белгиланган қоидаларга қатъий риоя қилишни сўрайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон сузиш федерацияси Президиумидан қуйидагиларни талаб қилади:

  • Юқоридаги вазиятни кўриб чиқиш, ўрганиш ҳамда унга ҳуқуқий баҳо бериш учун Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ва Ўзбекистон сузиш федерацияси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш;
  • Халқаро сузиш федерациясидан (FINA) лицензион мусобақада қайд этилган натижаларнинг нима сабабдан бекор қилингани ҳақидаги материалларни тақдим қилишини сўраш;
  • Федерация бош котиби Алишер Ғаниевни вақтинча ўз лавозимидан четлатилишини», дейилади баёнотда.

Нима бўлганди ўзи?

2021 йил 21 апрель куни ҳиндистонлик спортчи Ликит Селвараш Према ютубда видео эълон қилди. Унда ўзбекистонлик спортчилар ғирромлик йўли билан олимпиадага йўлланма олгани маълум қилинган. Преманинг фикрича, маҳаллий ташкилотчилар ўзбекистонлик спортчиларнинг натижаларини сунъий яхшилаб қўйиш орқали уларга йўлланмани тақдим этишган. «Масалан, Алейсей Тарасенконинг 100 метрга эркин усулда сузиш бўйича натижаси 48,55 сония деб кўрсатилди, бироқ унинг асл натижаси 51 сония эди», деган Према ва бунга исбот сифатида видео ҳам кўрсатган.

Ҳиндистонлик спортчининг айтишича, натижалар асосан финал босқичи бўлмаган эрталабки баҳсларда ўзгартирилган. «Ваҳоланки, спортчи энг яхши кўрсаткичини финал баҳсларида қайд этади», деган ҳиндистонлик сузувчи. Ликит Селвараш Према ташкилотчиларнинг эътиборини тортиш учун ўзига хос собатаж уюштиради. У 200 метрга брасс усулида сузиш баҳсларида стартга чиқмайди ва шу тариқа ташкилотчилар эътиборини тортишга уринади.

Бироқ спортчининг айтишича, бу исён тескари эффект бериб, унга босим қилиш бошланади. Спортчига кўра, вазият шунчаликка борадики, ташкилотчилар Према стартга чиқмагани унинг яхши эшитмаслиги ва старт сигналини англамагани билан боғлиқлиги ҳақида тиббий маълумотнома олишга ҳаракат қилишади. Бу борада суриштирув ўтказиш бўйича сўровга жавобан ташкилотчилар ҳиндистонлик спортчи қолганларнинг натижасига «қора ҳасад» қиляпти деб айтишади. Ликит Селвараш Према эса буни ўзига нисбатан ирқчилик қилиниши деб қабул қилади.

Бу ҳолат бўйича ҳеч қандай аниқ маълумот мавжуд эмас, бироқ Ўзбекистон сузиш федерацияси халқаро сузиш федерациясидан изоҳ сўрагани, Лозаннадаги спорт арбитраж суди эса Ўзбекистон томонининг арзини рад этгани аниқ. Преманинг арзидан кейин бошланган суриштирувдан кейин 3 нафар ўзбекистонлик спортчининг натижалари бекор қилинади.

Ўзбекистон чемпионатида олимпиада йўлланмаси ўйналиши мумкинми?

Олимпиада баҳслари йўлланмаси ички чемпионат баҳсларида ўйналмайди. У ерда спортчи ҳар қанча яхши натижа кўрсатмасин барчасини халқаро мусобақада ҳам такрорлаши керак. Пандемия бошлангач, халқаро мусобақалар ҳам камайиб кетди ва мамлакатларга ички чемпионатни халқаро турнирга айлантириб йўлланмаларни ўйнаш имкони берилди. Шу сабаб Ўзбекистон чемпионати ҳам хорижлик спортчилар жалб қилиниб халқаро очиқ лицензион турнирга айлантирилди. Према айнан мана шу очиқ чемпионатда иштирок этган.

Мавзуга оид