Жаҳон | 10:49 / 20.07.2021
4580
2 дақиқада ўқилади

Ҳаитида Ариэл Анри бошчилигидаги янги ҳукумат таркиби тасдиқланди

Ҳаитида президент Жовенел Моиз ўз ўлимидан 2 кун аввал бош вазир этиб тайинлаган Ариэл Анри бошчилигидаги янги ҳукумат таркиби тасдиқланди. Таъкидланишича, янги бош вазир президент сайловлари ўтказилгунга қадар мамлакатни бошқаради.    

Анри, шунингдек, меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича вазир лавозимини ҳам эгаллайди. Моиз ўлдирилгандан кейин бош вазир вазифасини бажарган ҳамда мамлакатни бошқаришни ўз қўлига олган Клод Жозеф эса янги ҳукуматда ташқи ишлар ва дин ишлари бўйича вазир сифатида фаолият юритади.

Жозеф The Washington Post нашрида чоп этилган интервьюсида “мамлакат равнақи” учун бош вазир лавозимидан кетишга тайёрлигини маълум қилган.

Моиз ўлимидан кейин Жозеф мамлакатни бошқаришни ўз қўлига олганди. Моиз томонидан бош вазир этиб тайинланган Анри янги сайловлар ўтказилгунга қадар мамлакатни ўзи бошқариши кераклигини айтган.

Ҳаитида президент ва парламент сайловлари 26 сентябрга белгиланган, зарурат юзага келса 21 ноябрда сайловларнинг 2-босқичи бўлиб ўтади.

Мавзуга оид