Интернетда Наманган вилоятида кучли жала ёғиши оқибатида сув тошқини юзага келгани акс этган видеотасвирлар тарқалди. Хусусан, Наманган шаҳридаги кўчаларда, ерости ўтиш йўллари, ошхоналар ва бошқа муассасалар биноларида сув тошган.

Kun.uz мобил мухбирининг хабар беришича, 20 июль куни кечаси Поп туманидаги тоғли ҳудудда жойлашган «Имомота» МФЙда сойдан келган сув бир неча автомобилни оқизиб кетган.

Фото: Telegram / kunuznamanganviloyati
Фото: Telegram / kunuznamanganviloyati

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Косонсой туманидан сел тошқини келиши оқибатида Наманган шаҳар ҳудудидан ўтган 4Р-117 «Тўрақўрғон-Наманган-Чортоқ» автомобил йўлининг 15-километрида жойлашган кўприкка зарар етгани сабаб созлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан ҳаракат тўлиқ чеклангани ҳақида хабар берган.

Фото: ЙҲХББ

Шунингдек, 4Р-112 Фарғона ҳалқа йўли автомобиль йўлининг 73-километрида жойлашган «Ташлама» кўпригига зарар етгани сабаб созлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан ҳаракат қисман (бир томонлама ташкил этилган) чекланди.

Фото: ЙҲХББ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 20 июль куни Фарғона водийсининг тоғли ҳудудларида кучли ёғингарчилик юзага келиб, Андижон ва Наманган вилоятлари туманларида аҳоли уйларига сув тошиб киргани ҳақида маълумот берди.