Чоршанба куни эрталаб ушбу ҳудудга яқин жойда музлик қулаб тушиши оқибатида улкан тош массаси ва лой қолдиқлари Ҳимолай дарёсига ёпирилиб тушганди. Натижада сув тошқини қишлоқлар ва водийларни ёриб ўтиб, сайёҳлар ва зиёратчилар орасида машҳур бўлган, Катманду ва Тибет боғловчи маршрут бўйлаб электр станциялари, йўллар ва кўприкларни яксон қилди.
Жума куни эрта тонгда Непалда тасдиқланган қурбонлар сони 469 кишига етди. Жами 1000дан ортиқ инсон бедарак йўқолган, уларнинг камида 540 нафари чет элликлардир.
Reutersʼнинг ёзишича, қутқарув гуруҳлари оғир техникалардан фойдаланиб Непал шаҳарларидаги лой ва вайроналарни қазишмоқда. Омон қолганларни топиш умиди сўниб бормоқда, расмийлар эса навбатдаги ҳалокатли сув тошқини хавфини камайтириш устида ишламоқда.

Непал расмийлари омон қолганларни қидириш ҳамда шаҳар ва водийларда қамалиб қолган минглаб одамларга фавқулодда ёрдам юкларини ташлаш учун вертолётлардан фойдаланмоқда. Фавқулодда хизматлар эса, уларнинг баъзилари изқувар итлар ёрдамида – текисликларгача оқизиб кетилган ўнлаб жасадларни топди.
Янги хавф
Катта миқдордаги сув ва вайроналар аралашмаси эндиликда янги офат юзага келиш хавфини уйғотмоқда. Непалнинг табиий офатларни бошқариш маъмурияти Бхотекоши дарёсини вайроналар тўсиб қўйиши натижасида ҳосил бўлган кўл сатҳи кўтарилиб, тўғонни ёриб юбориш хавфи остида эканлигидан огоҳлантирди.
Чегаранинг нариги томонида эса Хитой яқин уч кун ичида шундоқ ҳам тўғон билан тўсилган кўлга қарийб 3 миллион куб метр сув қуйилиши кутилаётганини маълум қилди. Хитой Сув ресурслари вазирлигига кўра, кўл қирғоқлари ёрилиши хавфи юқори ва тахминан 1 сентябрь атрофида сув оқими энг юқори нуқтага чиқиши кутилмоқда.











