Хитой расмийлари Ҳимолай минтақасидаги кўчки ва сув тошқинларидан кейин Тибет ҳудудида 23 давлатнинг 261 нафар чет эл фуқароси бедарак йўқолганини маълум қилди. Тибетнинг ўзида эса қурбонлар сони 16 кишига етди.

Хитойнинг Тибет автоном вилояти расмийлари бедарак йўқолган хорижликларнинг энг кўпи – 104 нафари Непал фуқаролари эканини билдирди. Шунингдек, Ҳиндистоннинг 49 нафар, Латвиянинг 33 нафар, АҚШнинг 18 нафар фуқароси ва 15 нафар британияликлар ҳам бедарак йўқолганлар қаторида. Пекин расмийлари хорижий дипломатик ваколатхоналарни бу ҳолатдан хабардор қилган.

Чоршанба куни музликнинг қулаганидан бери Хитой томони илк бор бедарак йўқолганларнинг фуқаролиги бўйича батафсил маълумот берди. Шанба оқшомига келиб Гйиронг округида 16 киши ҳалок бўлган ва жами 546 киши бедарак йўқолган.
Непалда эса қурбонлар сони ортиб бормоқда
Непал фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, чегаранинг уларга қарашли қисмида камида 734 кишининг жасади топилган. Шунингдек 2 498 киши бедарак йўқолган, уларни қидириш ишлари учун қарийб 20 минг нафар қутқарувчилар ва ҳарбийлар сафарбар этилган. Бугунга қадар 7 514 киши қутқарилгани айтилмоқда.

Reuters’нинг ёзишича, Непал умумий қутқарув ишлари учун хорижий ёрдамга эҳтиёж йўқлигини билдирмоқда. Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лок Баҳодур Чхетри, мамлакат — туннеллар ичидаги қутқарув ишлари, жасадларни сақлаш учун музлаткичли камералар ва ДНК тестлари ўтказиш каби йўналишларда ёрдамга муҳтож эканини айтган.


















