«Хорижий давлатлардаги Ўзбекистон фуқароларининг президент сайловида овоз бериш ҳуқуқини таъминлаш Сайлов кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бу борада кўплаб янгиликлар мавжуд. Жумладан, хорижда овоз бериш жараёнини ташкил этиш борасида ҳам қатор ўзгаришлар мавжуд.

Илгари фақат Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида консуллик рўйхатида турган фуқароларгина сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишган бўлса, ҳозир ушбу норма ўзгарган. Яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланган, мамлакат ҳудудидан ташқарида бўлган исталган сайловчи хорижда ташкил этилган сайлов участкасига келиб овоз бериши мумкин. Бунда уларнинг консуллик рўйхатида туриши ҳақидаги талаб бекор қилинган.

Чет давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари консуллик рўйхатида ўз вақтида туриш-турмаслигидан қатъи назар биз уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга мажбурмиз.

“Коронавирусга чалиниб, карантинга олинган фуқаролар ҳам президент сайловида овоз беради” — Зайниддин Низомхўжаев

Шу билан бирга, фуқароларимиз айни пайтда меҳнат қилаётган айрим давлатларда Ўзбекистон Республикасининг ваколатхоналари бўлмаслиги, баъзи мамлакатларда эса улар жуда олис шаҳарларда бўлиши мумкин. Бундай шароитда овоз бериш жараёни ушбу фуқаролар яшаб турган жойга бориш орқали ташкил этилади. Ушбу ўзгаришларнинг барчаси бугунги кунда Сайлов кодексида мустаҳкамлаб қўйилган», дея Баҳром Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сайлов кодексининг 10-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилиши мумкин. Бу участкалар улар жойлашган ердаги сайлов округларига киради. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

2021 йил 8 февралдаги 670-сонли қонунга асосан Сайлов кодексига киритилган 27-1-моддада келтирилишича, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.