2022 йил 1 январга қадар “автомобиль тарихи” маълумотларини аниқлаш давлат хизмати жорий этилади. Бу “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида кўзда тутилган. Ҳужжат Шавкат Мирзиёев томонидан 24 июль куни имзоланган.

Ушбу хизмат орқали фуқаролар автомобилнинг давлат рўйхатидан ўтказилган санаси, юрган масофаси, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганлиги, йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганлиги ва бошқа маълумотларни шартномавий асосда Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олишлари мумкин.

Ушбу маълумотларни олиш учун автомототранспорт воситаларига берилган давлат рақами кифоя қилади.

Фармон билан Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 2022 йил 1 январга қадар ушбу давлат хизматини йўлга қўйиш вазифаси юклатилган.