Биринчи турда французлар турнирнинг энг зерикарли жамоасига яққол даъвогар сифатида ўйнаган бўлса, якшанба кунги уларнинг иштирокидаги ўйин турнирни безади. «Учранглилар» асосий футболчиларисиз турнирга келишига тўғри келган, пандемия даврида клублар уларни қўйиб юборишни истамади. Шу туфайли мудофаа чизиғида улкан муаммолар юзага келган, жанубий африкаликлар шунинг эвазига ўйинда уч бор ҳисобда олдинда боришди.
Аммо фахрий футболчилар Францияни мусобақада қолдирди, Жиньяк — шубҳасиз иккинчи тур қаҳрамонига айланди. У ЖЧ-2010 ва Евро-2016да иштирок этган, аммо йирик турнирларда гол урмаганди. Аммо ҳозир — Мексика лигасидаг олти мавсумдан кейин — 35 ёшли форвард Токиода ҳет-трик расмийлаштирди. Бу Франция олимпия термаси тарихидаги иккинчи ҳет-трик - биринчиси 1924 йилда қайд этилганди. Бу турнирда Жиньяк терма жамоанинг барча беш голида иштирок этди. Тўрт голни ўзи урди, арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Саванье урган ғалаба голига ассистентлик қилди.
Бу гуруҳда шундай вазият юзага келдики, плей-оффнинг икки иштирокчиси ҳам якуний турда аниқланади. Стартда ёрқин ўйин кўрсатган Мексика иккинчи ўйиннинг 12-дақиқасига келиб турнир мезбонларидан икки гол ўтказиб юборишди, биринчи турда ҳам ғалаба голига муаллифлик қилган «Реал» аъзоси Кубо бу ўйинни ҳам голсиз тарк этмади, японларнинг иккинчи голи Доан ҳисобига ёзилди, у Кубога голли пас бергандан кейин пенальтини аниқ ижро этди.
«Қизил фурия» стартдаги турда мисрликларга қарши кўрсатилган ўйинни давом эттирди (0:0). Жамоа ҳар доимгидек тўпга тотал эгалик қилди ва тўпни тезроқ ҳаракатлантириш эвазига рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратди. Масалан, биринчи бўлимда Оярсабалнинг зарбаси тўсинга тегди. Аммо ҳужумларни якунлашда муаммолар сақланиб қолмоқда. Гоҳ сўнгги чизги етишмади, гол австралияликларнинг сариқ деворидан ўтган зарбани дарвозабон қайтарди.
Лекин ўйин охирида рақиб барибир таслим қилинди - Оярсабаль Асенсионинг аъло даражадаги узатмасини бош билан дарвозага жойлаб қўйди. Қайсидир маънода бу Испания учун тарихий ғалабага айланди, испанлар ўтган сафарги Олимпиадани ўтказиб юборган, 2012 йил Лондондаги ўйинларда гуруҳ босқичида атиги бир очко тўплаган. Испаниянинг бу даражадаги турнирда қозонилган сўнгги ғалабаси 21 йил муқаддам рўй берган — 2000 йилги турнир яримфиналида АҚШ устидан (3:1), голсиз серия эса 515 дақиқа давом этди. Энди плей-оффга чиқиш учун Аргентинага қарши ўйинда Луис де ла Фуэнте жамоасини дуранг натижа ҳам қаноатлантиради.
Эҳтимол, Германия устидан қозонилган ёрқин ғалабадан кейин бразиллар ўзларининг қудратига кўп ишониб юборишгандир, аммо ҳаммаси улар ўйлаганчалик осон бўлиб чиқмади. Майдонда исталган дақиқада исталган сценарий рўй бериши мумкин. Ҳимоячиларнинг хатосини тўғрилашга уринган таянч яримҳимоячиси Дуглас Луиз дарвоза сари чопиб бораётган Даонинг оёғига тепишга мажбур бўлди ва 14-дақиқадан бошлаб «Селесао» бир киши кам бўлиб қолди.
Таркиблар тенг бўлмаган ҳолатда ўйин камида тенг бўлиши табиий эди, ўйиннинг айрим қисмларида ивуарликлар сон жиҳатдан устунликни таблода ҳам акс эттиришга яқин келишди. Фақат иккинчи бўлим давомида бразиллар ташаббусни ўз қўлларига ола бошлашди. Бунга 79-дақиқада Куасси иккинчи сариқ карточкани олиб, таркиблар тенглашиши ҳам сабаб бўлди. 10га 10 киши қолганда Андре Жардин жамоаси африкаликларни жарима майдонига қамаб қўйишди, аммо барибир ўйинда ҳисоб очилмай қолди. 74-дақиқада ўйинга қўшилган Малкомнинг сўнгги дақиқаларда берган зарбаси дарвоза тўсинига тегди.
Германия эса Штефан Кунц бошчилигида яна бир немисча характер кўрсатди. Бразилларга қарши ўйинда бу иш бермаган бўлса, Саудияга қарши ўйинда савиядаги фарқлар эвазига натижага эришилди. Худди Франция каби асосий етакчиларисиз қатнашаётган Германияда ҳам ҳимоядаги муаммолар кўриниб қолмоқда, қолаверса, жамоа доим бирга ўйнаб юрган футболчилардан ташкил топмаган. Биринчи турдаги каби бу ўйинда ҳам немислар бир киши кам бўлиб қолишди — лекин 67-дақиқада Пипер четлатилганидан кейин ҳам ғалаба голини уришга муваффақ бўлишди, бурчак зарбаси ижро этилганда ҳимоячи Удуокхая боши билан аниқ зарба йўллаб, жамоасига ғалаба келтирди. Бразилия қаторасига иккинчи марта очко йўқотиши деярли имконсиз иш экани ҳисобга олинса, охирги турда Кунц шогирдлари Кот-д'Ивуарни мағлуб этиши шарт бўлади.