Дзюдо жамоаси вакили Шарофиддин Болтабоев чорак финалда ютқазиб, бронза учун ўтиш баҳсларида ҳам муваффақиятсизликка учради, боксчи Бобо-Усмон Ботуров илк жангида ғалабага эришиб, кейинги босқичга ўтди.
Бокс
Бокс бўйича -69 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Бобо-Усмон Ботуров Олимпиададаги иштирокини муваффақиятли бошлади. У доминиканлик Роҳан Поланкога қарши рингга чиқиб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва 1/4 финалга йўлланма олди. У чоракфиналга чиққан илк ўзбекистонлик боксчидир.

У энди 30 июль куни чорак финалда Буюк Британия вакили Пет Маккормакка қарши рингга чиқади.
Бунгача беш нафар ўзбекистонлик боксчи - Турсуной Раҳимова, Элнур Абдураимов, Дилшод Рўзметов , Шаҳобиддин Зоиров ва Фанат Қаҳрамонов ҳам илк жангларда ғалабага эришиб, 1/8 финалга йўл олганди.
Таэквондо
+67 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган таэквондочи Светлана Осипова 1/8 финалда қозоғистонлик Жансел Денизга қарши жанг қилди. Ҳисоб 9:9 бўлиб турган вақтда Осипова сўнгги сонияларда қўл зарбасини ўтказиб юборди ва мағлубиятга учради.

Қозоғистонлик спортчи ҳам финалгача етиб бора олмади ва Осиповада бронза медал учун курашиш имконияти бўлмади.
Дзюдо
Дзюдо бўйича -63 кг вазн тоифасида иштирок этган Фарангиз Ҳожиева Кабо-Верде вакили Сандрин Биллетга қарши баҳс юритиб, оғритиш усулига тушиб қолди ва мағлубиятга учраб, Олимпиадани тарк этди.

Дзюдочилар жамоасининг медал олиши кутилган яна бир вакили Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) ҳам ишончни оқлай олмади.
У 1/16 финалда вануатулик Уго Кумбога қарши беллашувнинг 1:21 сониясида ушлаш услубида мағлуб этиб, нимчорак финалга ўтди. Нимчорак финалда эса болгариялик Ивайла Ивановга қарши гиламга чиқди. Асосий вақтда ҳисоб очилмагач, олтин очко учун қўшимча раундда Шарофиддин Болтабоев битта вазари баҳосини қўлга киритиб, ғалаба қозонди.


















