Иқтисодиёт | 17:51 / 28.07.2021
8609
2 дақиқада ўқилади

6 ойда Ўзбекистон бўйлаб йиғилган солиқларнинг ярмидан кўпини йирик компаниялар тўлаган – ДСҚ

Йирик солиқ тўловчилар Республика бўйлаб 2021 йилнинг 6 ойида йиғилган солиқларнинг 66,2 фоизини тўлаган. Уларнинг сони бугунги кунда 1000 дан ошган.

2021 йилнинг ярмида бюджетга йиғилган солиқларнинг ярмидан кўпроғини “йирик солиқ тўловчилар” рўйхатига кирувчи юридик шахслар тўлаган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилдора Ҳошимова AОКAда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг иккинчи чорак даври якунига кўра, Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчилар сони 1124 тани ташкил этмоқда. 2021 йилнинг биринчи ярмида  йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланган солиқлар жами солиқ тушумларининг 66,2 фоизини ташкил этган.

Таққослаш учун, 2019 йилда бу кўрсаткич 63,4 фоиз, 2020 йилда эса 65,3 фоиз бўлган.

Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг 6 ойида ўзбекистонликлар 61,4 трлн сўм солиқ тўлаган, шундан 66,2 фоизи, яъни 40,6 трлн сўми йирик солиқ тўловчилар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Йирик солиқ тўловчиларнинг солиқларни ўз вақтида тўлашини Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси назорат қилади. Бу орган 2018 йилда Президент қарорига мувофиқ ташкил этилган. 

Aввалроқ жорий йилнинг январ-июн ойларида давлат бюджети даромадлари 74,9 трлн сўмни ташкил этгани хабар қилинганди.

Бу миқдор ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7 трлн сўмга кўпроқ дегани. Деярли барча солиқ тушумларида ўсиш кузатилган.

Мавзуга оид