Профессор 2014 йилда Алпомиш достонига бағишланган диссертациясини ўзбек тилида ёқлайди ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Фанлар академиясининг фан доктори мақомига эга бўлади.

У, шунингдек, Сеулдаги Донгдук Хотин-қизлар университети профессори ҳамда Евросиё Туркшунослик институти асосчиси ҳамдир. Ўзбек тилидан ташқари инглиз, француз, турк, озарбойжон ва туркман тилларида ҳам бемалол сўзлаша олади.

О хоним Kun.uz’нинг Кореядаги мухбири билан суҳбатда меҳнат фаолияти, СССР вақтида Ўзбекистонга кела олмагани, кейинчалик келиб Тошкентда яшагани ва ўзбек тилини ўргангани ҳақида сўзлаб берди.

— Профессор О, айтинг-чи, айни дамда нималар билан бандсиз?

— Ҳозирда Корея пойтахти Сеулда жойлашган Донгдук Хотин-қизлар университетида профессор бўлиб ишлайман. Шу билан бирга, Евросиё Туркшунослик институтининг асосчиси ва раҳбари сифатида ҳам фаолият олиб бораман.

Бу институт Кореяда туркшунослик илми билан шуғулланадиган, турк мамлакатларини ўрганувчи ва шу мавзуда илмий тадқиқотлар қилувчи ягона институтдир. Фаолиятимиз кенг, масалан, биз йилда икки маротаба туркча ва ўзбекча дарслар ташкил этиб, шу тилларни ўрганмоқчи бўлган инсонлар, жумладан, талабалар, олимлар, бизнес вакиллари ва бошқаларга тилларни ўргатамиз. Бундан ташқари, туркшунослик бўйича тадқиқот қилаётган профессор-олимларни институтга таклиф қилиб, бир ойда бир маротаба семинарлар ўтказамиз.

Шу ўринда мен дарс берадиган Донгдук Хотин-қизлар университети ҳақида ҳам озгина тўхталиб ўтмоқчиман. Хотин-қизлар деганда, шу сўз кўпчиликнинг эътиборини тортиши мумкин. Номидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу ерда фақат қиз ва аёл талабалар таҳсил олади. Университетга 1908 йилда асос солинган. Бу даврда Чосон сулоласи кучсиз бўлиб кетаётган вақтда, бизнинг давлат етакчилари ва ватанпарвар инсонлар хотин-қизларга таълим беришнинг қанчалик аҳамиятга эга экани ҳақида ўйлашган. Сабаби, у вақтларда корейс халқи жуда консерватив бўлгани учун ота-оналар қизларини ўғил болалар билан бирга мактабда ўқимасин, деб мактабга жўнатмаган. Шу сабабли, фақатгина қизлар таълим олиши учун бир имконият яратиш мақсадида “Бир аёл кишини ўқитиш, юзта эркак кишини ўқитишдан кўра аҳамиятлироқдир”, дея таълим муассасаси очишга қарор қилишган.

Бу йил биз қилаётган энг катта ишлардан бири – туркшунослик энциклопедиясини яратиш. Масалан, Туркия, Озарбойжон, Ўзбекистон, Қозоғистон каби турк мамлакатлари бўйича уларнинг тил, адабиёт, фольклор, санъат, тил каби гуманитар фанларини ўрганиб, улар ҳақида маълумотлар йиғиб, катта энциклопедия қилиш ниятидамиз. Бу ишга чет эл мамлакатларида фаолият олиб бораётган турли олимлар ҳам катта ёрдам беришади. Шунингдек, Кореяда мавжуд турк мамлакатлари элчихоналари ҳам ҳамкорлик қилишади.