Иқтисодиёт | 17:05 / 31.07.2021
49466
2 дақиқада ўқилади

Фуқароларнинг ишламайдиган турмуш ўртоқлари ҳам пенсияга чиқиши мумкин. Пенсия жамғармаси маcъули янги тартиб ҳақида маълумот берди

Эндиликда ишловчи фуқароларга ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсияга чиқиши учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.

Пенсия жамғармаси бошқарма бошлиғи Нуриддин Шадихўжаев Kun.uz’га берган интервьюсида пенсия тайинлашда ўрнатилган янги тартиб ҳақида маълумот берди.

«Давлат пенсия таъминоти қонунига асосан, фуқаролар пенсияга чиқишлари учун маълум бир талаблар бор. Аввало, етарли иш стажи зарур. Хусусан, пенсияга чиқиш учун эркаклар 25, аёллар 20 йиллик иш стажига эга бўлишлари керак.

Лекин ўзбек халқининг менталитети шуни тақозо қилмоқдаки, баъзи эркаклар аёли ишлашини хоҳламайди. Натижада улар пенсия ёшига етганда иш стажисиз қолиш ва пенсия ҳуқуқидан маҳрум бўлиш ҳолатлари бор.

Шуларни инобатга олган ҳолда жорий йилги президент қарори билан ишловчи фуқароларга ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсияга чиқиши учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.

Бунда турмуш ўртоғи солиқ тўловини амалга оширса, келажакда оила, рўзғор билан банд бўлган аёлида ҳам пенсия олиш ҳуқуқи бўлади», деди у.

Шунингдек, жамғарма масъули ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун пенсияга чиқишда яратилган имтиёз тўғрисида ҳам гапирди. 

«Кўплаб юртдошларимиз чет элда меҳнат фаолияти юритишади. Улар ҳам маълум вақт ишлаб Ўзбекистонга қайтишади. Ҳозирда шундай ватандошларимизга ҳам пенсияга чиқиш имконияти яратилди. Яъни хорижда олган даромадлари ҳисобидан ижтимоий солиқ тўласалар, уларга стаж ҳисобланади. Пенсия ёшига етганда эса пенсия тайинлаш ҳуқуқи берилади», деб маълум қилди Нуриддин Шадихўжаев.

Мавзуга оид