Aпрел ойидаги матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов Ўзбекистонда озиқ-овқат нархлари барқарорлигини таъминлаш борасида ягона давлат стратегияси ишлаб чиқилаётгани борасида маълумот берганди.

Унда озиқ-овқат нархлари ўсишини секинлаштириш учун 3та чора кўрилиши айтилганди. Булар:

  • импортни диверсификация қилиш;
  • транспорт харажатларини пасайтириш;
  • етиштирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат ҳажмларини ошириш.

Бу борада ишлар бошландими, озиқ-овқат нархлари муаммосини ҳал қилиш бўйича стратегия қачон ишлаб чиқилади, каби саволлар билан Kun.uz мухбири Марказий банк бошқарувининг 29 апрелда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида МБ раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроевга юзланди.

Ҳамроевга кўра, стратегия ишлаб чиқиш – узоқ муддатли чора, тезда қабул қилишнинг иложи йўқ. Унинг таъкидлашича, бу стратегия қачон ишлаб чиқилиши ҳам аниқ эмас.

“Озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса шакар ва ёғ нархларининг ошиши ўтган йилнинг сентябр-октябр ойларидан бошланган. Март-апрел ойларига келиб, энг юқори ошиш даражаларига етди.

Нарх ошишига қарши қисқа муддатли ва тез таъсир қиладиган ёки фундаментал ва узоқ муддатли чоралар кўриш мумкин. Фундаментал, узоқ муддатга мўлжалланган чоралар муаммонинг барча сабаблари билан ечишга қаратилади.

Қисқа муддатли чоралар, масалан, ўсимлик ёғининг ҚҚСдан озод қилиниши бўлди. У қайсидир маънода тезкор кўрилган чора.

Озиқ-овқат муаммосини ҳал қилишга қаратилган стратегия жуда ҳам муҳим. Тегишли вазирликлар ҳукумат комиссияси билан биргаликда бу борада ишлаяпти. Бироқ уни тезда яратиб бўлмайди. Чунки аҳолимиз бугунги кунда 35 миллионга яқинлашган бўлса, 3-4 йилдан кейин 40 миллионга етиши мумкин. Шу даврда қанча маҳсулот ишлаб чиқарамиз, қандай етиштирамиз ва ресурслар – ер, сув ҳам чегараланган. Бу кўпроқ илмий изланишлар орқали ҳосилдорликни кўпайтириш, янги навларни яратишни тақозо этади. Чорвачиликда мол сони ошгани билан ички бозорда гўшт нархи пасаймаслиги мумкин. Сабаби, чорвани озуқа билан таъминлаш, иқлимга мос бўлган навларни яратиш узоқ муддатни олади.