Ўзбекистон | 13:34 / 31.07.2021
1730
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ўқишга киритишини айтиб, фуқаролардан пул олган шахслар ушланди

Самарқанд вилоятида иккита ҳолатда, Қашқадарё вилоятида битта ҳолатда ўқишга киритишини айтиб, фуқаролардан пул олган шахслар қўлга олинган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қарши туман бўлими ҳамда ДХХ Косон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.Ж. ушланган. У, ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, фуқаро Н.ни 700 АҚШ доллари эвазига Қирғизистондаги олийгоҳлардан бирига танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишини айтиб, шундан 200 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, Департамент ҳамда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд Темир йўл техникуми талабалар ётоқхонаси тарбиячиси вазифасида ишловчи Ў.Б. ушланган. У, фуқаро Ш.ни ушбу техникумга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1 000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Бундан ташқари, Департамент ҳамда Миллий гвардиянинг Самарқанд вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳридаги жамоат саломатлиги техникуми ўқитувчиси С.Х. ушланган. У, фуқаро Д.нинг қизини, танишлари орқали ушбу техникумга ўқишга киритиш эвазига 1 000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид