58 сонияда халоскор гол
Испания – Кот-д`Ивуар 5:2
Голлар: 0:1 – 10 Байи, 1:1 – 30 Олмо, 1:2 – 90 Градел, 2:2 – 90 Рафа Мир, 3:2 – 98, пенальти Ойарсабал, 4:2 – 117 Рафа Мир, 5:2 – 120 Рафа Мир.
Испания U-23 – Унаи Симон, Мингеса (Валехо, 10), Эрик Гарсия, Миранда (Кукуреля, 105), Пау Торрес, Педри (Солер, 102), Субименди (Монкайола, 105), Асенсио (Ҳил, 68), Олмо, Ойарсабал, Мерино (Рафа Мир, 90).
Кот-д`Ивуар U-23 – Тапе, Диалло, Байи, Дабила, Синго, Кессиэ, Куасси (Куао, 114), Градел, Куаме (Кейта, 90), Дао, Тимит (Диалло, 63).
Огоҳлантиришлар: Олмо (70), Дабила (74), Эрик Гарсия (77), Солер (114).
Олимпия турнири қизғин баҳслар босқичига ўтди. Трибуналарга мухлислар ҳам қайтди, юзага келган муҳит ўйин сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Шанба куни ўтказилган илк ўйин Япониядаги ўйинларнинг энг яхшиси бўлди ва бунинг учун ивуарликлардан миннатдор бўлиш керак. Уларга қадар ҳеч бир жамоа, Аргентина ҳам испанларга қарши жиддий муаммо ярата олмаганди.
Танаффусга қадар Унаи Симон иккита топ даражадаги сейвлар ижро этиб, жамоасини муқаррар голлардан қутқарди, аммо барибир Байига халал бера олмади. «МЮ» ҳимоячиси бурчак зарбасидан кейин ҳисобни очди, бу вақтда «Қизил фурия» Мингеса жароҳатланиб ўйинни тарк этганидан кейин жойларни қайта тақсимлашга улгурмаганди. Аммо танаффус арафасида Дани Олмо барибир нишонни тўғри ола билди. Евро-2020 бошидан буён ушбу испаниялик футболчи рақиблар дарвозалари томон жами 27 зарба йўллаган, аммо улардан бирортаси голга айланмаганди, аммо рақиб дарвозабон ҳудудида унга кўкраги билан тўпни ташлаб берганида бу вазиятдан гол урмасликнинг иложи қолмаганди.
Кейин Испания яна жар ёқасида ҳаракат қилди. Барселоналик вундеркинд Педри кўплаб ҳужумлар уюштирди, аммо унинг жамоадошлари вазиятлардан фойдаланишда оқсашда давом этди. Кўплаб зарбалар хато берилди, Ойарсабал урган гол офсайд туфайли бекор қилинди, Асенсионинг зарбаси дарвоза устуни ва тўсин бирлашган нуқтадан қайтди... Асосий вақтнинг сўнгги дақиқаларида эса Ойарсабалнинг яқин масофадан дарвозабонни мўлжалга олиши испанларга бу кечада омад кулиб боқмаслигини кўрсатгандек эди. Қарши ҳужумда Граделнинг зарбаси йўл-йўлакай Валехога тегиб рикошет орқали дарвозага йўл олди, Симон бу вазиятда қутқара олмасди.
Фаворитнинг ҳалокатини захира ўриндиғидан кўтарилган Рафа Мир бекор қилди, у майдонга тушиб биринчи бор тўпга тегинишидаёқ ҳисобни тенглаштирди, бу вақтда у майдонга тушганига 58 сония бўлганди! Бу вақтда асосий вақтга қўшиб берилган учинчи дақиқа ҳам поёнига етаётганди, қўшимча бўлимларда эса Испания гуруҳ босқичида амалдаги вице-чемпион Германияни уйига равона қилган рақибни буткул таслим этди. 98-дақиқада тўп учун кураш вақтида Байи тўпни қўли билан ўйнади, видеотакрордан кейин ҳакам нуқтани кўрсатди ва Ойарсабал жамоасини олдинга олиб чиқди.



















