Президент Шавкат Мирзиёев гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини ривожлантиришга оид қарорни имзолади, деб хабар бермоқда Нигоҳ Telegram-канали.

Ҳужжатга кўра:

  • Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилмоқда. Унинг фаолиятини ташкил этиш, малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 20 млрд сўм ажратилмоқда;
  • Андижон вилоятининг Андижон, Избоскан ва Олтинкўл туманлари, Наманган вилоятининг Наманган ва Давлатобод туманлари, Жиззах вилоятининг Зомин ва Ғаллаорол туманлари гулчиликка ихтисослаштирилмоқда.

Гулчилик соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш мақсадида:

  • 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ОТМларда Гулчилик магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
  • 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш бакалавриат таълим йўналишининг ўқув режасига гулчиликка оид мутахассислик фанлари киритилади ва уларнинг ўқув соатлари оширилади;
  • гул экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари импорти учун сарфлаган транспорт харажатларининг 50 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади;
  • 2023 йил 1 январга қадар республика ҳудудига олиб кирилаётган туганаклар, пиёзбошлар, туганаксимон илдизлар, туганак пиёзлар, илдизпоя ҳамда бошқа тирик ўсимликлар (жумладан, илдизлари), қаламчалар ва пархишига нисбатан божхона божининг “ноль” ставкаси белгиланмоқда;
  • гулчилик соҳасида илм-фанни қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан грантлар ажратиш тизими жорий этилади;
  • Тошкент ва Наманган шаҳарларида йирик улгуржи гул бозори ташкил этилади.