Ал-Беруний мактабининг фазовий дастури янги поғонага кўтарилмоқда.
2019 йилда илк бор Бутунжаҳон авиация ва космонавтика кунига бағишлаб, STEM дастури доирасида, инсониятнинг коинотни ўрганишдаги ютуқлари мавзусида тадбир ўтказилди. Ал-Беруний ўзбек-итальян халқаро мактаби мазкур тадбир билан кифояланмасдан, эндиликда болаларга ўз қобилиятини намоён қилиш ҳамда коинотни ўрганишнинг навбатдаги босқичида иштирок этиш учун имконият яратмоқда.
Айни вақтда ABIS (Al-Beruniy International School) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институти билан ҳамкорликда Марс сайёрасидаги шароитни сунъий ҳосил қилиш учун барча талабларга мос Марс камерасини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда.
Зарурий кўрсаткичларни олиш учун ABIS мактаби NASA, SpaceX ва РосКосмос каби дунёнинг етакчи космик агентликлари билан музокаралар олиб боряпти.

Камера қизил сайёра учун мос ҳарорат, атмосфера ва босим кўрсаткичларини симуляция қилишга ёрдам беради, унда ABIS мактабининг ўқувчилари турли хил ўсимликларни етиштириш устида тажриба ишларини олиб бориши мумкин.
Биз ажойиб замонда яшаяпмиз, чунки Ердан 55,76 млн км масофада жойлашган сайёрага сайёҳат қилиш имкони пайдо бўлди. ABIS мактаби болалар ушбу орзуга бироз бўлса-да яқинлашиши учун шароит яратиб берди. Зеро, мазкур мактабнинг мақсади ҳар бир болага ақл бовар қилмайдиган, бир қарашда етиб бўлмасдек кўринувчи марраларни кўзлашга ўргатишдир.

Ал-Беруний халқаро мактабида ўқув дастурлари глобал муаммоларнинг ечимини топишга интилиш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган.
“Биз ўқувчиларга болаликдан атроф муҳитга, табиатга нисбатан муҳаббат ва ғамхўрлик, табиий захираларни тежаб ишлатиш, бунинг учун энг замонавий технологиялардан фойдаланиш руҳини сингдиришга ҳаракат қиламиз. Илк бор Ўзбекистон умумий ўрта таълим тизимида аграр соҳага оид “TERRA VERDE” (ит. Яшил Ер) назорат-синов станциясидек фантастик лойиҳани бошлаб юбордик”, – деб таъкидлади STEM дастурининг координатори, италиялик Флавио Гусмини.

Мазкур лойиҳанинг афзалликларидан бири – қуёш энергиясининг тикланувчи захираларидан, яъни юпқа плёнкали фотоэлектрик элементлардан фойдаланиш ҳисобига тўлиқ электр таъминотига эришишдан иборат.














