Токио – 2020 Ёзги Олимпия ўйинларининг ёпилишигача бир неча кун қолди, бироқ Ўзбекистон терма жамоаси ҳали ҳам ўз мухлисларини енгил атлетика, эркин кураш, бокс ва эшкак эшиш каби спорт турларида юқори натижалар билан қувонтиришга тайёр.

Шубҳасиз, ёш енгил атлетикачи Сафина Садуллаева Ўзбекистон мухлислари учун кашфиёт бўлди. Айнан у тунов куни 1,95 м. баландликни олиб, квалификация мусобақаларидан ишонч билан ўта олди ва Ярослава Магучих, Никола Макдермотт, Мария Ласицкене, Юлия Левченко каби атоқли жаҳон спортчилари билан баб-баравар финалга чиқди.

«Баландликка сакраш» рақиблик энг юқори бўлган спорт турларининг ўнтасига киради. Бугунги кунда, дунёнинг мутлақо барча 212 мамлакати Енгил атлетика федерациялари Халқаро Ассоциациясининг (WA) аъзолари бўлиб, улар ҳар йили халқаро саҳнага ёш ва истеъдодли спортчиларни тақдим этади.

Бу орада, Сафина Садуллаева билан боғлиқ ҳолатнинг ўзига хослиги шундаки, у спортдаги ўзининг бутун карьераси давомида катта спортга ҳали йўлини босиб ўтгани йўқ. Фаолиятини истеъдодли юниор сифатида бошлаб (Доҳа шаҳрида (Қатар, 2015 й.) U18 ёш тоифасидаги йигит ва қизлар ўртасидаги Осиё Чемпионатида олтин медал; Ашхободда (Туркманистон, 2017 й.) ёпиқ бинолардаги Осиё ўйинларида кумуш медал, Гусман Косанов ва Ольга Рыпакова номидаги халқаро турнирларнинг ғолиби), Сафина Осиё ўйинларининг доирасидан чиққани йўқ, бунинг устига ўзини оиласига бағишлаш мақсадида бир йилга танаффус ҳам олди ва ёш она бўлди.

Унинг бўлиб ўтаётган Олимпиада ўйинларидаги биринчи иштироки спортчининг карьерасидаги юқори поғонага чиқиш бўлди ва бунга Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳам жуда катта ҳисса қўшди.

Сафинанинг иродали феъл-атвори, қатъий интизоми ва Федерация томонидан фаол тарзда қўллаб-қувватланиши унга қисқа муддат ичида жисмоний формага келиш ва амалдаги спортчилар – енгил атлетикачиларнинг қаторига қўшилиш имкониятини берди. Раҳбарият томонидан ёш она учун максимал даражада қулай шароитни яратиш ҳақида қарор қабул қилинди. Сафина спортчи сифатида, оналик таътилидан чиққанидан сўнг ўз салоҳиятини йўқотмаслиги ва ўзининг қизига меҳр-эътиборини улаша олиши учун, Федерация спорт йиғилишлари ва Сафинанинг узоқ машғулотлари мобайнида, кичкинтой учун тўлақонли парваришни таъминлаган ҳолда, болага ҳамроҳлик қилиш имкониятини назарга олди.

Натижада спортчининг, тренернинг ва Федерация раҳбариятининг биргаликдаги ҳаракатлари зое кетмади. Бу йилнинг май ойида Тошкентда Сафина 1, 96 м. кўрсаткичли лицензион нормативни бажариб, Токиодаги Ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.