Ўзбекистон | 11:10 / 10.08.2021
1910
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда фуқаронинг яшаш хонадонида ёнғин содир бўлди. Қасддан ўт қўйилганлик гумони билан текширув ўтказилмоқда

Жиззах вилояти Зарбдор туманида яшовчи фуқаронинг уйида ёнғин содир бўлган. Оқибатда мазкур хонадонда жойлашган оғилнинг 20 метр квадрат том қисми ва 300 боғ сомон ёниб кетган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 9 август куни соат 12:39 да Зарбдор тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимига 101 қисқа рақами орқали туманнинг Тараққиёт маҳалласи Олтинсой қишлоғида яшовчи фуқаро А.Н.нинг яшаш хонадонида ёнғин содир бўлганлиги хақида маълумот келиб тушган.

Ёнғин содир бўлаётган жойга дарҳол туман ФВБ ёнғин-қутқарув бўлинмаси юборилган. Қутқарувчилар ёнғин жойига етиб борганда яшаш хонадонининг оғилхонасида сомон ғарами ёнаётганлиги маълум бўлган ва кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Қайд этилишича, ёнғин оқибатида оғилхонанинг 20 метр квадрат майдонида том қисми ва 300 дона прессланган сомон ёниб зарарланган. Мазкур ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган.

Таъкидланишича, ёнғин содир бўлган вақтда хонадонда ҳеч ким бўлмаган. Уй эгалари ва гувоҳларнинг фикрига кўра, ёнғин қасддан содир этилган бўлиши мумкин. Ҳодиса юзасидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид