Шифокорлар аввалбошда ҳомиладорлик пайтидаги коронавирусга қарши эмлаш масаласига нисбатан эҳтиёткорроқ тарзда ёндашиб, вакцина олмай туришни тавсия қилишганди.

Аммо ҳозирда хавфсизлик бўйича жуда кўп маълумотлар қўлга киритилгани сабабли бу борада берилган маслаҳат ўзгарди. Эндиликда вакцина ҳомиладор аёлларга фаол тарғиб қилинмоқда. Чунки коронавирусни юқтириб олиш ҳомиладорликни хавф остига қўйиши мумкин.

BBC нашри ҳомиладорлик ва коронавирусга қарши эмлашлар ҳақидаги асоссиз даъволар ва уларнинг нима учун ёлғон эканлиги ҳақидаги далилларни кўриб чиқди.

«Вакцина тухумдонларда тўпланади» – ёлғон!

Бу назария Японияда ўтказилган бир тадқиқотни нотўғри талқин қилиш туфайли келиб чиққан.

Ушбу тадқиқотда сичқонларга одамларга қараганда анча юқори эмлаш дозаси юборилади (1 минг 333 марта кўп).

Инъекциядан 48 соат ўтгач, сичқонларнинг тухумдонида умумий дозанинг атиги 0,1 фоизи кузатилади.

Умумий миқдорнинг 53 фоизи бир соатдан кейин, 25 фоизи эса 48 соатдан кейин инъекция жойида аниқланади (Одамларнинг қўлида).

Вакцина тўпланган навбатдаги жой эса қондаги чиқиндиларни тозалашга ёрдам берувчи орган – жигардир. 48 соатдан кейин умумий вакцина миқдорининг 16 фоизи жигарда пайдо бўлгани кузатилади.

Юқоридаги янглиш иддаони қўллаб-қувватлайдиганлар эса тухумдонларда топилган ёғ миқдори ҳақида гапиришади.

Эмлашдан 48 соат ўтгач, тухумдонларда ёғ миқдори ошган, чунки вакцина таркиби инъекция жойидан тана бўйлаб кўчган.

Аммо энг муҳими, тухумдонлардан топилган бу миқдор вируснинг генетик материалини ўз ичига олганига оид ҳеч қандай далил йўқ.

Нотўғри иддаони илгари сурганлар гарчи тадқиқот билан боғлиқ маълумотлар интернетда очиқ бўлса ҳам, у «сиздирилган» деб даъво қилишди.

«Кузатув маълумотлари шуни кўрсатадики, вакциналар ҳомиланинг тушишига олиб келади» – ёлғон!