Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқот қилди.
«Кўп қиррали Ўзбекистон-Германия муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.
Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мамлакатдаги ҳарбий-сиёсий кескинликнинг кучайиши минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин экани таъкидланди.
Афғон муаммосининг тинч йўл билан ҳал этилишига кўмаклашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш ҳамда минтақадаги вазият юзасидан мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, Афғонистондан Германия фуқароларини эвакуация қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ҳам давом эттирилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 15 август куни толиблар Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрига киргач, Ғарб давлатлари ўз элчихоналари ходимларини эвакуация қилишга киришди.
16 август куни Кобул аэропортида учиш-қўниш йўлаклари маҳаллий аҳоли томонидан банд қилингани туфайли қўна олмаган Германия ҳарбий транспорт самолёти Тошкент аэропортига қўнгани маълум бўлганди. Бундан ташқари, айни вақтда Кобулдаги вазият туфайли самолётлар бу ҳудудда ёнилғи тўлдириш имконига эга бўлмаяпти ва қўшни мамлакатлар аэропортларига мурожаат қилишмоқда.

















