Бугун эса Афғонистонга қилинадиган ёрдамларнинг келажаги мавҳум бўлиб қолмоқда ва шунинг учун ҳам мамлакатнинг иқтисодий аҳволи янада заифлашмоқда.
Гарчи Афғонистонда муҳим минерал ресурслар мавжуд бўлса-да, сиёсий вазият бу ресурслардан фойдаланишга тўсқинлик қилди.
Мамлакатнинг ташқи ёрдамга қарамлиги энг юқори чўққисига кўтарилган.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, ривожланиши учун бериладиган ёрдам маблағлари мамлакат ялпи миллий даромадининг 22 фоизига тенг.
Бу юқори кўрсаткич бўлса-да, Жаҳон банки 10 йил олдин тарқатган маълумотдан – 49 фоиздан анча паст.
Афғонистонга иқтисодий ёрдам кўрсатиш борасида ноаниқлик мавжуд.
Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас ҳам ўтган ҳафта ZDF телеканалига берган интервьюсида агар толиблар мамлакатни ўз назоратига олсалар ва шариат қонунларини жорий қилсалар, «бир цент ҳам» ёрдам бермасликларини айтди.
Бошқа давлатлар ҳам воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бормоқда.
Коррупция
Жаҳон банкининг «заифлик»ка урғу бериши толиблар ҳокимиятни қўлга олишидан олдин мамлакат хавфсизлиги учун ажратилган ресурсларнинг кўплиги билан боғлиқ. Бошқа кам даромадли мамлакатларда бу кўрсаткич ўртача 3 фоиз бўлгани ҳолда Афғонистоннинг хавфсизлик учун ажратадиган бюджети иқтисодиётининг 29 фоизини ташкил қилади.
Хавфсизлик ва коррупция хавотирлари ҳам бошқа чуқур илдизли муаммога олиб келмоқда: заиф хорижий инвестициялар.
БМТ маълумотларига кўра, сўнгги икки йил мобайнида чет элликлар томонидан нолдан ҳеч қандай инвестиция киритилмаган. 2014 йилдан буён эълон қилинган янги хорижий инвестициялар сони 4тагина холос.
Агар Жанубий Осиёнинг бошқа аҳолиси кам мамлакатларига қаралса, айни давр мобайнида Непалда 10 баробар, Шри-Ланкада эса 50 баробар кўп нолдан инвестиция киритилган.
Жаҳон банки Афғонистондаги хусусий секторни тор, деб таърифлайди. Ишчи кучи паст қишлоқ хўжалиги фаолиятига асосланган мамлакатда уй хўжаликларининг 60 фоизи чорвачиликдан маълум бир миқдорда даромад олади.
Мамлакатда ноқонуний маъданчилик ва албатта, афюн ишлаб чиқариш, контрабанда ва шунга ўхшаш ҳодисалар кўп. Гиёҳванд моддалар савдоси эса «Толибон» учун муҳим даромад манбайи ҳисобланади.














