Спортчининг ваҳшийларча ўлдирилиши кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Қаршида ушбу мавзуда матбуот анжумани ўтказилди. Унда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Олий суд раиси Козим Комилов иштирок этди. Республиканинг уч йирик мулозими матбуот анжуманида қатнашгани Қарши шаҳри марказида содир этилган ушбу «ошкора қотиллик» қанчалик диққат марказида эканидан далолат берарди.
Дастлаб бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев сўзга чиқди ва жиноят қандай содир этилгани, унга оид янги маълумотлар билан ўртоқлашди.
«Қаршида содир этилган бу жиноят барчамизни ларзага солди. Марҳумнинг оила аъзоларига яна бир бор таъзия изҳор қиламан. Эслатиб ўтишим керакки, Ўзбекистон қонунчилигида қонун устуворлиги таъминланган. Уларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш муҳим омил ҳисобланади. Мамлакатга кириб келаётган инвестициялар ҳам Ўзбекистон тинч бўлгани сабаб.

Қаршилик Элбек Раҳимовнинг ўлдирилгани жуда ачинарли ҳолат. Ушу спорти билан шуғулланган Раҳимов 2011 йилдан буён Боймирзаев билан адоватда бўлган. Раҳимов жорий йил июл ойида Боймирзаев билан жанжаллашган. Қасос олиш мақсадида Боймирзаев жиноий шериклари билан таниши Бабаеванинг хонадонидан чиққан Раҳимовни пичоқ ва темир билан калтаклашган. Кейин Тошли қишлоғига олиб бориб, яна калтаклаб, Чироқчи тиббиёт бирлашмасига ташлаб кетишган.
Бабаева орқали ҳодисадан хабар топган Элбек Раҳимовнинг укаси Акмал Раҳимов GPS орқали акасининг геолокациясини аниқлаган ва машинада Чироқчи туманига йўл олган. Йўлда акасини урганларни кўриб қолган Акмал Раҳимов ва шериклари улар билан жанжаллашган.
Элбек Раҳимов кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, 17 август куни соат 14:00 да вафот этган. Унинг ўлимига бош миянинг жароҳатлангани, бош суягининг синиши, кўкрак қафаси ва танасининг бошқа қисмларидаги жароҳатлар сабаб бўлган.
Шу куннинг ўзида жиноят иштирокчилари барчасининг шахси аниқланди. Ушланганлар ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинди. Воқеа жойидан темир бўлаклари ва пневматик тўппонча ўқи топилган. Гумонланувчиларнинг машинасидан эса тўппонча топилган. Тергов ишлари олиб борилмоқда, тергов устидан қатъий прокурорлик назорати ўрнатилган», деди бош прокурор Йўлдошев.



















