Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида “Ласетти” машинасии ёнаётганлиги акс этган видео тарқалди. Ҳодиса юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумот берди.

Қайд этилишича, бугун соат тахминан 20:33 ларда Қарши шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлимига шаҳарнинг Мустақиллик шоҳкўчасида “Ласетти” машинасида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисидаги хабар келиб тушган.

Хабарга кўра, воқеа жойига Қарши шаҳар ФВБ 2-ёнғин-қутқарув қисмидан 1 та бўлинма соат 20:35 да етиб борган. Соат 20:41 ларда ёнғин тўлиқ ўчирилган.

Таъкидланишича, ёнғин оқибатида “Ласетти” тўлиқ ёниб кетган ва жиддий зарар кўрган. Ёнғинда ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Ҳозирда моддий зарар миқдори аниқланмоқда.