Ўзбекистон | 15:33 / 20.08.2021
24727
3 дақиқада ўқилади

Президент темир йўл соҳасидаги монополияни қаттиқ танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқот чоғида темир йўл соҳасида «Ўзбекистон темир йўллари» томонидан монополия ўрнатилганига эътибор қаратиб, бу ҳолатга барҳам бериш зарурлиги ҳақида гапирди ва германияликларга ҳам «ақл ўргатадиган» маҳаллий раҳбарларни қаттиқ танқид қилди.

«Рақобат, хусусий сектор кирмаса, темир йўл монополиясини топширмайди, сифати ўзгармайди, нархи камаймайди.

Биз беш йил давомида ўргандик, ҳали рақамлаштириш бўйича катта ишлар қилиш керак. Германиядан мутахассислар олиб келганман, лекин Германиядагиларга ҳам бас келмоқчи бўлади темир йўлчилар керак бўлса... у ерда нотўғри эмас...

Улар келиб биздан ўргансин дейди, бир-икки ноинсофлар бор. Оғир... Лекин энди Ҳосиловга («Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси Ҳусниддин Ҳосилов) ўхшаган каттаконлар дунёқараши ўзгармаса, уни ўзгартиришга мажбур бўламан. Шунинг учун, яна бир йил синов уларга.

Э, келмайди бизга хусусий сектор дейдиганлар нотўғри айтади. Керак бўлса ўзинг ташкил қиласан, ўзинг кредит оласан, ўзинг банкларга ялинасан. Икки-учта хусусий секторни киргизасан.

Катта давлатларда катта-катта логистика компаниялари бор, шуларни олиб келасан Ўзбекистонга, рақобат қилади. Кейин улар сенинг монополиянгни йўқ қилиш учун арзонроқ, тезроқ, сифатли қилиб, жойига, тадбиркорнинг омборхонасига олиб бориб берадиган қилади.

Дунёда шунақа-ку?! Бизнинг темир йўл эса фақат «жўқ» дейишни билади, «жўқ» дейди. Ҳамма нарса «жўқ». Бор бўладиган қилсанг ишлайсан, «жўқ» бўлса, ўзинг ҳам «жўқ» бўласан, тамом», дейди давлат раҳбари.

Йиғилишда Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги ва Монополия қўмитаси билан бирга икки ой муддатда темир йўл тарифларини қайта кўриб чиқиши бўйича топшириқ берилди.

«Тадбиркорларга ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиган хомашё импорти учун амалдаги тарифлар камида 25 фоиз арзон бўлиши керак.

Шунингдек, Транспорт вазирлиги келгуси йил 1 январдан бошлаб, ҳар бир хизматнинг таннархи ва унинг таркибини кенг жамоатчиликка эълон қилиб боради.

Темир йўл соҳасида келгуси 5 йил учун 7 мингдан зиёд юк вагонларига эҳтиёж мавжуд. Бу муаммони давлат томонидан эмас, балки худди электр энергияси ёки цемент ишлаб чиқаришга ўхшаб, фақат ва фақат хусусий секторни жалб қилиш орқали ижобий ҳал қилиш мумкин.

Шунинг учун, келгуси йилда ўз вагони ва контейнерига эга бўлган хусусий логистика операторлари фаолияти йўлга қўйилади ва тарифлар иккига ажратилади.

Бунда, давлат томонидан фақатгина темир йўл инфратузилмаси ҳамда локомотив хизматлари тартибга солинади, юк вагонлари хизмати эса бозор тамойиллари асосида ташкил қилинади.

Шунинг учун, хусусий тадбиркорларга темир йўл вагонларини олиб келишга берилган имтиёзлар 2025 йил 1 январгача узайтирилади», деган президент.

Мавзуга оид