— Тадбиркорларнинг узоқ муддатли ресурс базасини шакллантириш учун банкларга “Тикланиш ва тараққиёт” жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 млн доллар ажратилади.
— Жорий йил 1 октябрдан микромолия ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўлиқ бекор қилинади. Энди улар фаолиятини бошлаши учун, фақатгина Марказий банк реестрига киришлари кифоя.
— Ички бозорда тенг рақобат бўлиши учун, экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун олиб келинган хомашё импорт божидан озод этилади.
— Четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда, тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди.
— Норуда қазилмаларга (қум-шағал, оҳактош, гипс, доломит каби) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга камайтирилади.
— “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақланиб қолади.
— Жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонаси йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қилинади.

— Туризм компаниялари ва меҳмонхоналар туристик йиғимлардан 2 йил муддатга озод қилинади.
— Ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектларига жарима солиш ва бугунги кунгача қўлланган 6 триллион сўмлик жарималарни ундириш, жорий йил якунига қадар тўхтатилади.
— 2022 йил 1 январдан бошлаб, солиқ идоралари ўз электрон дастурлари орқали бизнес субъектларига ҳисоботларини шакллантириш хизматини йўлга қўяди. Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби эса тўлиқ бекор қилинади.
— Қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишда солиқ ва божхона идораларининг электрон базалари ўзаро боғланади.
— Тадбиркорларнинг корхоналари жойлашган, ҳозирда эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида, эгаллаб турган ер майдонлари уларга мулк қилиб расмийлаштириб берилади. Яъни бу ерни бошқа одам сотиб ололмайди, уни хусусийлаштиришга фақат ер эгасининг ўзи ҳақли бўлади.
— Ер майдонларини сотишдан тушган маблағ, тўлиқ туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолдирилиб, тадбиркорлар учун инфратузилма яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.








