Ўзбекистон | 10:14 / 24.08.2021
40317
2 дақиқада ўқилади

Бўстон туманига янги ҳоким тайинланди

Андижон вилоятининг Бўстон туманига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Бугун, 24 август халқ депутатлари Бўстон туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда ташкилий масала кўрилди. 

Сессияда вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқиб Бўстон тумани ҳокими лавозимига Қўрғонтепа тумани “Эл ризқи нон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари вазифасида ишлаб келган Санобар Носирова номзодини тавсия этди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, С.Носирова Бўстон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Санобар Носирова 1970 йил Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманида туғилган. Маълумоти олий, 1992 йилда Андижон пахтачилик институти, 2005 йилда Андижон муҳандислик ва иқтисодиёт институтини тамомлаган.

У меҳнат фаолияти давомида “Ғаллабанк” Қўрғонтепа тумани филиали бошқарувчиси, “Буюк турон инвест” кредит уюшмаси ижрочи директори, “Ягона ҳамкор нури” МЧЖ раҳбари сифатида ишлаган. 2016 йилдан ҳозирги вақтга қадар “Эл ризқи нон” МЧЖ раҳбари бўлган.

Маълумот учун, жорий  йилнинг июль ойи охирларида Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова вафот этди. Мамитова 2020 йил 4 март кунидан Бўстон тумани ҳокими сифатида фаолият олиб бораётган эди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, Бўстон туманида беш йилда тўртинчи ҳоким алмашмоқда. Бундан аввал Абдурашид Маъмиров (2017 йилда тайинланган), Иномжон Мамадалиев (2019 йил) ва Садбархон Мамитова (2020 йил) ушбу туманда ҳокимлик қилган.

Мавзуга оид