Ўзбекистон | 12:53 / 24.08.2021
3450
2 дақиқада ўқилади

Олмазор тумани инновацион ҳудудга айлантирилади

Жорий йилнинг 21 август куни инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими Азизхон Умархонов Олмазор туманини инновацион ҳудудга айлантириш юзасидан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзолади.

Меморандум Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокимлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг Тошкент шаҳри Олмазор туманини инновацион ҳудудга айлантириш ва ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик фаолияти йўналишларини ифода этади

Унга кўра, Инновацион маҳсулотлар ва хизматлар, жумладан, янги қурилмалар, материаллар ва технологияларни Олмазор туманда жорий этиш, ўзаро манфаатдор йўналишларда ҳамкорликдаги илмий-тадқиқотлар учун замин яратиш ҳамда туманнинг замонавий муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини такомиллаштириш назарда тутилган.

Эндиликда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва унинг доирасида илмий-тадқиқотларни ташкил қилиш ва ривожлантириш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Бунда Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий, стартап лойиҳалар танловларини ташкил этиш, ўтказиш, ғолибларни танлаб олиш ишларини амалга оширади, танловга тақдим этилган лойиҳаларни танлов комиссиясига киритади ва вазирлик ҳайъати ҳамда молиявий-иқтисодий экспертизадан муваффақиятли ўтган лойиҳаларини молиялаштириш масаласини кўриб чиқади.

Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокимлиги, ўз навбатида, туманда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва жорий этиш мақсадида маҳаллий ҳокимият бюджети ҳисобидан лойиҳаларни молиялаштириш учун маблағ ажратади. Шунингдек, илмий тадқиқотлар натижасида яратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун ўрнатилган тартибда жойларни белгилайди.

Мавзуга оид