Жамият | 17:32 / 25.08.2021
9842
2 дақиқада ўқилади

2 йилда аттракционлар билан боғлиқ 7 бахтсиз ҳодиса рўй берди, шундан 3таси ўлим билан якунланган

Сўнгги икки йил ичида аттракционлар билан боғлиқ 7та бахтсиз ҳодиса содир бўлган, шундан 3та ҳолатда ўлим қайд этилган. Саноат хавфсизлик қўмитаси масъули  ҳокимликлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги носоз аттракционларни фойдаланишдан чиқариш борасидаги мурожаатларни эътиборсиз қолдираётганини айтмоқда.

Ҳудудлардаги мавжуд жами 144та маданият ва истироҳат боғида ўрнатилган 1879та аттракционда аниқланган камчиликлар туфайли 1655тасининг фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда 24 август куни Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси масъуллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Давлат қўмитасида Истироҳат боғлари аттракционларини назорат қилиш инспекцияси ташкил топганидан сўнг аттракционлардан хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиш ҳолати ўрганиб чиқилиб, қуйидагилар аниқланган:

  • Маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган 1879та аттракционда аниқланган камчиликлар бўйича 1655таси вақтинчалик тўхтатилди;
  • ҳудудда фаолият олиб бораётган Маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган аттракционларни соз ва бехатар ишлатиш бўйича жавобгар шахслар огоҳлантирилди;
  • боғларда ўрнатилган 175та қўлбола, ишлаб чиқарувчи корхона паспорти ва биркаси бўлмаган ҳамда 582та носоз, ишлашга яроқсиз аттракцион аниқланиб, шулардан 145таси фойдаланишдан чиқарилди;
  • боғларда ўрнатилган 738та аттракцион капитал таъмирланди;
  • ихтисослаштирилган махсус ташкилотлар билан шартномалар тузилиб, 438та аттракцион техник паспортлари тикланди ва шу орқали уларнинг типлари аниқланди;
  • аттракционларга хизмат кўрсатувчи 337 ходим махсус курсларда ўқитилиб билимлари синовдан ўтказилди.

«Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ҳокимликлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ҳудудлардаги маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган қўлбола ва носоз, ишлашга яроқсиз бўлган аттракционларни фойдаланишдан чиқариш борасида амалий ёрдам беришларини сўраб мурожаат хатларини юбордик. Бироқ Қўмита томонидан кўрилаётган чораларга қарамасдан қайд қилинган вазирлик ва идоралар томонидан мазкур масала эътиборсиз қолдириб келинмоқда», дея Саноат хавфсизлик кенгаши қўмитаси бошқарма бошлиғи Олимжон Жўраевнинг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, 2019-2021 йиллар мобайнида аттракционлар билан боғлиқ 7та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Ушбу бахтсиз ҳодисалар уч нафар инсоннинг бевақт ўлимига сабаб бўлган.

Мавзуга оид