«Шимолий альянс» раҳбари бўлган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли, айни вақтда Панжшер вилоятида толибларга қаршилик кўрсатишда давом этаётган кучлар етакчиси Аҳмад Масъуд Россиянинг РБК нашрига интервью берди. Аҳмад Масъуд ўз иттифоқчилари кимлиги ҳамда Афғонистон келажаги қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапирди.

«Биз мулоқотга тайёрмиз»

— Айта оласизми, сиз ҳозир қаердасиз? Панжшердами?

— Ҳа, мен Панжшердаги уйимдаман.

— Сиз билан қанча одам бор, жангчиларингиз қанча?

— Минглаб одамлар курашишни истайди ва улар жангга тайёр. Айнан қанча одамлигини аниқ айтиш қийин, аммо бутун водий жангга тайёр.

— Вазият қандай? Толиблар билан жанглар ёки қандайдир қуролли тўқнашувлар кетяптими?

— Ҳозирча йўқ. Биз ўз кучларимизни тийиб турибмиз. Икки томон ҳам музокаралар бошлашга интилмоқда, аммо шу билан бирга, ҳар эҳтимолга қарши ҳарбий вариантга ҳам тайёр.

Ҳозирда вазият шундай. Биз тинчлик жараёни бошланишига умид қиламиз, агар музокаралар самарали бўлса, биз уларга имкон беришимиз керак. Биз гаплашишга тайёрмиз. Биз тинчлик учун имкон беришга тайёрмиз. Умид қиламизки, бошқа мамлакатлар — қўшниларимиз, ҳудуддаги державалар вазиятга аралашади ҳамда «Толибон»га босим ўтказиб, уларни музокараларга ундайди. Чунки мен тинчлик музокаралари — ягона тўғри йўл эканига ишонаман. Аммо шу билан бирга, биз ўзимизни ҳимоя қилишга, қаршилик кўрсатишга тайёрмиз, Панжшер водийсида бир қанча ҳарбий манёврлар ва тайёргарлик ишлари олиб борилган (Asia-Plus’нинг Афғонистондаги манбаси маълум қилишича, Панжшер ичкарисида тайёргарлик ишлари олиб борилган ва барча тоғ чўққиларига, йўлларга, Панжшер яқинидаги Гулбаҳор туманида қояларга танклар ва бошқа жанговар техника жойлаштирилган бўлиб, улар «Толибон» ҳужум қилган тақдирда, уларни янчиб ташлашга тайёр).

— Бошқа томон ҳам Панжшерга бостириб киришга тайёрланмоқда ёки қандайдир ҳодисалар бўлиб улгурдими?

— Ҳозирча улар фақат тайёрланишмоқда ва ёки улар тайёрланаётгани ҳақида маълумотлар бор, аммо ҳеч қандай ҳаракатланиш содир бўлмаган.

— Сиз айтмоқдасизки, тинчлик музокараларига тайёрсиз. «Толибон» ҳам бунга тайёрми?