Жамият | 13:00 / 31.08.2021
2355
4 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда экология инспекторлари овчиларнинг ҳужжатларини олиб, пул сўрагани, сўнг уларни йўқотгани айтилди. Бошқарма ҳолатга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Муборак туманида ов қилишга рухсатномаси бўлган шахсларнинг ҳужжатлари экология инспекторлари томонидан тортиб олингани айтилган хабар тарқалди. Шунингдек, хабарда овчилар экология инспекторлари ҳужжатларни қайтариш учун пул ҳам сўрашганини баён қилишган. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мазкур хабар юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, жорий йил 24 январь куни вилоят Экология бошқармаси ходимлари Муборак туманида назорат рейд ўтказган. Унда «Қирқчашма» ҳудудида Касби туманида яшовчилар С.А., И.Т. ва Ш.Т. «Дамас» машинасида ўзларига тегишли бўлган ов қуролида ов қилиб юргани аниқланган ва экология инспекторларининг қонуний талабига кўра тегишли ҳужжатларни тақдим этишган.

Тақдим қилинган ҳужжатлар кўриб чиқилганда, Қашқадарё вилояти овчи ва балиқчилар спорт бўлими томонидан ушбу фуқароларга вилоят ҳудуди бўйлаб ов қилиш учун мавсумий ов қилиш йўлланмалари тақдим этилгани аниқланган. Аммо бу йўлланмалар 2020 йил 8 июлда қабул қилинган 627-сонли «Ов қилиш ва ов хўжалиги тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда берилгани ва Муборак туманида ов қилиш учун алоҳида рухсатнома берилмагани маълум бўлган. Шу сабабли ушбу шахсларга тегишли бўлган овчилик гувоҳномалари ва мавсумий ов қилиш учун берилган йўлланмалар вақтинчалик қонуний тўхтамга келгунга қадар олиб қўйилган.

Мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган барча ҳужжатлар вилоят прокуратурасига юборилган. Вилоят прокуратураси мазкур ҳолатларни ўрганиб чиқиб, Қашқадарё овчи ва балиқчилар спорт бўлими томонидан ушбу шахсларга мавсумий ов йўлланмалари нотўғри берилган деб топган ва масъул ходим Р.Т.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан чора кўрилган.

Қайд этилишича, С.А., И.Т. ва Ш.Т.дан бир неча маротаба телефон орқали ва бошқарманинг алоқа хати билан овчилик гувоҳномалари ва мавсумий ов йўлланмаларини олиб кетишлари сўралганига қарамай фуқаролар ўз вақтида ҳужжатларни олиб кетишмаган.

Шундан сўнг Экология бошқармасининг назорат инспекцияси ходимлари хонасидаги мутахассис Ш.С.га тегишли иш столи тортмасида сақланаётган фуқаролар С.А., И.Т ва Ш.Т.га тегишли овчилик гувоҳномалари ва мавсумий ов йўлланмалари номаълум сабабларга кўра йўқолган.

Иш жараёнида фуқароларнинг ҳужжатлари йўқолгани сабабли Қашқадарё овчилар ва балиқчилар спорт бирлашмаси томонидан ҳужжатлар қайта тикланган. Фуқароларга бир неча бор тикланган ҳужжатларини олиб кетишлари айтилганига қарамасдан, улар ҳужжатларнинг асли кераклигини таъкидлаб ҳалигача олишмаган.

Муносабатда таъкидланишича, бошқарма инспекторлари томонидан пул маблағлари сўралгани ҳолати бўйича прокуратура органлари ва Давлат Экология қўмитаси томонидан бир неча маротаба хизмат текширувлари ўтказилган ва уларда бу важ ўз исботини топмаган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид