09:21 / 01.09.2021
9742

АҚШда футбол бўйича Ўзбекистон мустақиллиги кубоги ўтказилди

АҚШнинг Нью-Йорк штатида футбол бўйича Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган анъанавий футбол мусобақаси ўтказилди. Бу ҳақда турнир ташкилотчиларидан бўлган Санъат Шарипов Tribuna.uz'га маълум қилди.

Мусобақада АҚШнинг 9 та штатидан 9 жамоа қатнашган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик миссияси вакиллари 10-жамоа сифатида иштирок этган. Финалда Нью-Йоркнинг «Pakhtakor» ва Нью-Жерсининг «UZB FC» жамоалари тўқнаш келиб, пенальтилар сериясига кўра «UZB FC» жамоаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган. «UZB FC» дарвозабони бутун мусобақа давомида фақат финалдаги пенальтилар сериясида битта гол ўтказиб юборган. Уни ҳам собиқ профессионал футболчи Комрон Кападзедан. Натижада бу посбон мусобақанинг энг яхши дарвозабони бўлган.

3-ўрин учун ўйинда Флориданинг «Тошкент» ва Чикагонинг «Chicago uzbeks» жамоалари баҳслашиб, пенальтилар сериясида чикаголиклар ғолиб бўлишди. Анъанавий тарзда ўтказилаётган мусобақа ғолиби 1000 доллар, иккинчи ўрин соҳиби 750 доллар, учинчи ўрин соҳиби 500 доллар мукофот олди. Турнирнинг энг яхши дарвозабони, футболчиси ва тўпурарига совғалар топширилди.

Жавлон Ваҳобов
Жавлон Ваҳобов

АҚШда истиқомат қилувчи «Mahalla USA» жамияти ушбу футбол турнирини 5-марта ўтказди. Унинг очилиш маросимида маҳаллий сиёсатчилар қаторида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов, Ўзбекистоннинг АҚШдаги бош консули Камол Икромов Нью-Йорк сенатори Эндрю Гунардис иштирок этди. Сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов барчани мустақиллик байрами билан табриклаб, ушбу турнир ватандошларни бирлаштирганини таъкидлади.

«Mahalla USA» жамияти раҳбари Абдумалик Аҳмедовнинг айтишича, бундай кўринишдаги навбатдаги футбол мусобақаси Чикагода ўтажак кўчма Наврўз кубоги бўлади.

Абдумалик Аҳмедов

Ушбу ўртоқлик турнирида Олим Тиллаев, Элшан Гамбаров каби яқин ўтмишнинг машҳур футболчилари, Алибобо Раҳматиллаев, Комрон Кападзе каби яқиндагина Ўзбекистон ёшлар жамоаларида иштирок этган футболчилар ҳам қатнашган. Футбол баҳонасида ўтказилган тадбирга келганлар ўзбекча ош билан меҳмон қилинган. Шунингдек, АҚШда яшаётган ўзбекистонликлар ўзбек миллий ўйинларида иштирок этиб, ўз кучларини синаб кўрган.

Суратлар муаллифи – Антон Киприан

Top