14:42 / 07.09.2021
1956

Қорақалпоғистондан Тошкентгача бўлган йўлни велосипедда босиб ўтган саёҳатчига янги велосипед берилди

Берунийлик Равшан Яқшимуратов энди шундай веломарафонни Марказий Осиё давлатлари бўйлаб уюштирмоқчи.

Беруний туманида доимий яшовчи Равшан Яқшимуратов ёлғиз ўзи велосипедда Берунийдан Тошкент шаҳрига қараб йўлга чиққан эди. У «Қудратли Ўзбекистоннинг ўтмиши ва келажаги буюк» шиори остида яккалик веломарафон ўтказиш ташаббусини илгари сурган ва ушбу ташаббус тўлиқ қўллаб-қувватланганди.

Равшан Яқшимуратов Тошкентга етиб келди. Уни пойтахтга кираверишда Туризм ва спорт вазирлиги масъул ходимлари кутиб олишган.

Велосаёҳатчини бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов қабул қилган. Унга вазирлик томонидан янги, замонавий велосипед совға қилинди.

Равшан Яқшимуратов Марказий Осиё давлатлари бўйлаб «Дўстлик» веломарафонини уюштириш мақсади борлигини, бу орқали ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман халқлари ўртасида дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашни тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшиш ниятида эканини билдирган.

Азиз Абдуҳакимов велосаёҳатчига амалий ёрдам беришга тайёр экани, давлатлараро ўтиш, виза ва бошқа ташкилий масалаларда вазирликнинг масъул ходимларига бемалол мурожаат қилиши мумкинлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Президент фармонига кўра, 2022 йилдан бошлаб Нукусда пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари» ташкил этилиши белгиланган.

 

Top