Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги собиқ Cаноат-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи биноси бузилиши ҳақида хабар тарқалди ва бу жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Фойдаланувчилар объектни собиқ “Чирчиқсой” ёки “Чирчикстрой” меҳмонхонаси деб аташмоқда.

Маълум бўлишича, Чирчиқ шаҳар Заковат кўчасида жойлашган ушбу бино ҳозирда ҳужжатларда “собиқ техникум бино ва иншооти” деб юритилади. Мажмуанинг умумий ер майдони бир ярим гектардан ортиқ. Объект 1935-1936 йилларда қурилган.

 

Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Қодировнинг айтишича, бино тарихий обида саналади ва унинг бузилиши ҳақидаги хабар – фейк.

“Объектнинг бузилиши ёки қайта қурилиши бўйича ҳеч қандай расмий қарор қабул қилинмаган. Президентнинг 29 апрелдаги қарорида бино Бокс федерациясига берилиши айтилган. Улар объектни таъмирлаб, республика миқёсидаги профессионал боксчиларни етиштириб чиқарадиган катта бокс мактаби очишлари мўлжалланган.

Фахриддин Қодиров

Ҳали ҳужжатлаштириш ишлари давом этмоқда ва улар бинони ўзларининг ҳисобига расмий ўтказиб, иш бошлаганлари йўқ. Объект ҳозирги кунда Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги балансида туради. Ҳокимлик уни ҳеч кимга сотгани ёки тақдим қилгани ҳам йўқ”, – деди ҳокимлик вакили.

Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-экспертлар кенгаши аъзоси Акмал Ўлмасовнинг айтишича, бино ноёб меъморий услуб ва бадиий-эстетик жиҳатдан ўзига хос. Шу билан бирга, у тарихий аҳамиятга эга. Мутахассис тавсиясига кўра, бинонинг ташқи ва ички фасадини реставрация қилиш ва уни галереяга айлантириш орқали маданий мерос объекти рўйхатига киритиш мумкин.

Бино жойлашган ҳудуд – “Ҳамза” МФЙ раиси Баҳодир Ғаниев объектнинг тарихи ҳақида билганларини сўзлаб берди.