Жаҳон | 07:11 / 09.09.2021
20437
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Японияда судга чақиртирилди

Токио суди Японияда яшовчи бир неча корейс Шимолий Кореядан инсон ҳуқуқлари бузилиши учун компенсация тўланишини талаб қилаётгани билан боғлиқ ҳолда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни чақиртирди.

Фото: EPA

Токиода судга чақирув қоғози чақиртирилаётган одам қўлига топширилади. Бироқ агар у уйида ёки ишхонасида бўлмаса, чақирув қоғози махсус тахтага осилади. Махсус тахтада Ким Чен Ин судга чақиртирилаётгани ҳақидаги худди шундай қоғоз пайдо бўлди.

Эйко Кавасаки ва яна 4 нафар этник корейс Шимолий Корея ҳукумати устидан Токио судига даъво аризаси бериб, Пхеньяндан Шимолий Кореяга кўчириш дастури доирасида ҳуқуқлари бузилгани сабабли 100 млн иендан (900 минг доллар) товон пули талаб қилмоқда.

Маълумотларга кўра, Ким Чен Ин судга 14 октябрда келиши керак.

93 мингга яқин корейс Япония Корея яриморолини 1910-1945 йиллар давомида мустамлака қилган вақтда Японияга кон ва заводларда ишлаш учун куч билан олиб кетилган. Улардан кўпчилиги Японияда таҳқирлашларга учраган.

Шимолий Корея Японияга олиб кетилган корейсларга 1959-1984 йиллар давомида махсус дастур ёрдамида ватанларига қайтишни таклиф қилган. Японияда яшовчи корейслардан баъзилари бу дастур бўйича ватанларига қайтган. Бироқ улардан камида 5 нафари Японияга қайтишга қарор қилган. Уларнинг таъкидлашича, улар Шимолий Кореяга алдов йўли билан қайтарилган ва у ерда оғир шароитларда яшашларига тўғри келган. Шу сабабли улар Шимолий Кореяда ўтказган йиллари учун Пхеньяндан товон пули талаб қилишмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид