6 сентябрь, душанба куни Ўзбекистоннинг 10 083 та умумтаълим мактабида анъанавий шаклда дарслар бошланди. Бу йил мактабларнинг 1-синфига 600 мингга яқин бола қабул қилинди.

Халқ таълими вазирлиги ахборотида уларга 12 турдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкаси ва дарсликлар мажмуасидан иборат Президент совғалари топширилгани айтилади, бироқ расмий хабарда барча ўқувчилар ҳам Президент совғасини ололмагани ҳақида ёзилмаган.

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги 1-мактабда 1-синф ўқувчилари ўқув йилининг илк кунинини Президент совғасисиз бошлашгани ҳақидаги сурат тарқалди. Маълум бўлишича, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай ҳолат кузатилган.

Kun.uz турли ҳудудларда суҳбатлашган фуқаролар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда изоҳ ёзиб қолдирган ота-оналар ўқув қуроллари тўлиқ таркибда эмаслигини айтди.

Тўпламларда рангли қаламлар, пенал ва дарсликлар йўқлиги, клей қотиб қолганидан у билан ҳеч нарсани ёпиштириб бўлмаслиги айтилмоқда. Айрим ҳолатларда ўқув қуроллари ҳали етиб келмагани боис болаларга фақат дарсликнинг ўзини тарқатишга тўғри келган.

Халқ таълими вазирлиги ҳолатга қуйидагича изоҳ берди.

“Афсуски, пандемия янги ўқув йили бошланишининг сўнгги кунигача баъзи ота-оналар томонидан фарзандларининг ҳужжатларини топширишини кечиктирди, шу билан бирга, баъзи етказиб берувчиларнинг кечикишига ҳам олиб келди. Бу эса ўз-ўзидан совғаларни ҳисоб-китоб қилишда ва тўлиқ қилиб етказишда муаммоларни юзага келтирди.

Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан вазиятни тўғри қабул қилишларини ва тез кунда совғалар ҳар бир болага етиб бориши таъминланишини маълум қилади. Совғалар ичидаги баъзи етмай қолган ўқув қуроллари жойига қайтадан етказилиб, тарқатилади.

Бир ҳафта давомида мазкур ҳолат тўлиқ инвентаризация қилиб чиқилади, агар шундан сўнг ҳам фарзандингизга совға ёки дарслик етиб бормаса, Халқ таълими вазирлигининг (71) 202-09-09 ишонч телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингиз сўралади”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Тартибга кўра, Президент совғаси таркибидаги папка, ўқув қуролларини етказиб бериш учун ҳар ўқув йили бошланиши арафасида тендер ўтказилади. Бу тендерни Халқ таълими вазирлиги қошидаги “Ўқув таълим-таъминот” ДУК ўтказади.