Криштиану Роналду 4445 кунлик сафаридан сўнг, «Манчестер Юнайтед»га қайтди. У «Олд Траффорд»ни тарк этаётганидаёқ мегаюлдуз эди. Энди у Манчестерга афсона сифатида қайтди. Криштиану даражасидаги футболчи ҳеч бир клубга захирада ўтириш учун ўтмайди. Демак, Сульшер собиқ жамоадошини таркибга жойлаштириш йўлларини қидириши керак. Қуйида португалиялик 36 ёшли футболчидан қайси позицияларда фойдаланиш мумкинлиги ҳақида фикр юритилади.
Оленинг классик услуби
Норвегиялик мураббий ўз ўйин услубига эга ва тактик схемасини (4-2-3-1) ўзгартиришга муҳтож эмас. Сабаби, унинг режасидан марказий ҳужумчи ўрин олган. Роналду бу вазифани ортиғи билан бажара олади. Сабаби, у фақат 9-рақамли таран ҳужумчи сифатидагина эмас, жамоа ҳужумига ҳар тарафлама ёрдам бера олувчи лидер футболчи ролида ўйнай олади. Бу жамоага том маънода ижобий импульс бериши аниқ.
Ўтган мавсум давомида Сульшер ўнг қанотда Гринвуд, чап қанотда Рэшфордни ўйнатди ва марказни Каванига топширди. Бу гал ҳам қанотларни Мейсон ва Маркусга бериши мумкин, лекин марказни Роналдуга бериши кутиляпти. Шунингдек, энди клубда Жейдон Санчо ҳам бор. Гринвуд ушбу мавсум аввалида кўпроқ ҳужум марказида ўйнаётганига эътибор қаратадиган бўлсак, Санчо ўнг қанотда асосий футболчига айланиши мумкин.
Креатив плеймейкер ролида, шубҳасиз, Бруну Фернандеш ўйнайди. У энди ўз вазифасини тўлиқ бажариши ва асосан ҳужумлар ташкил этиш билан шуғулланиши мумкин. «Манчестер Юнайтед»даги ҳозиргача бўлган вақти мобайнида португалиялик яримҳимоячи кўплаб голларда муаллиф бўлаётганди. Энди голеадорлик роли Криштиануга ўтади. Мудофаа ва ҳужумни боғлашда Фред – Погба тандеми ишлашини тахмин қилиш мумкин. Грандларга қарши ўйинларда ҳимояни ҳам мустаҳкамлаш учун Сульшер Погбани Скотт МакТоминейга алмаштириш имкониятига эга бўлади. Буни мураббий вазиятдан келиб чиқиб ҳал қила олади. Ҳимоядаги тўртлик: Шоу, Магуайр, Варан, Уан-Биссакка бўлиши катта эҳтимол. Линделёф мудофаа марказида баъзи ўйинларда жамоадошларини алмаштириб туриши мумкин. Далот ва Теллеснинг юқори спорт формасида эмаслигини инобатга олсак, қанот ҳимоясидаги жуфтлик деярли ўзгармас.
Де Хеа ҳозирча мавсумни яхши бошлади ва Дин Ҳендерсон захирада имкониятини кутиб туради.

Сантуш тажрибаси
Роналдудан унумли фойдаланиш мақсадида Оле тактик схемани ўзгартириши ҳам мумкин. Португалияда Фернанду Сантуш 4-3-3 схемасидан фойдаланади. Лекин бу ҳолат жамоанинг бошқа бир етакчиси Бруну Фернандеш учун ноқулайлик туғдириши мумкин. Сабаби, миллий жамоада кўп маротаба Брунунинг захирада қолишига гувоҳ бўламиз ва бу мураббий схемасига футболчининг мос келмаслиги билан изоҳланади. Бугунги «МЮ»ни эса Фернандешсиз тасаввур қилиш қийин.













