Адлия вазирлиги Ўзбекистон дунёвийлик принципида ривожланиш йўлини танлаганини эслатиб баёнот билан чиқди. «Ўзбекистон жамияти дунёвийлик принципида ривожланиш йўлини танлаган» сарлавҳали мақолада Ўзбекистон Конституциясининг 31-моддасига кўра ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги қайд этилгани келтирилган.
«Бу шуни англатадики, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилиш ёки қилмасликда мустақилдир. Ҳар бир шахс бошқаларнинг виждон ва эътиқод эркинлигига эга эканлигини тан олиши шарт», дейилади вазирлик баёнотида.
Вазирлик фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари зарурлигини қайд этган.
«Кузатувлар кўрсатяптики, ахлоқий-диний нуқтайи назарларни ҳуқуқий муносабатлар предметига айлантиришга уриниш, миллий қадриятларимизга зид, инсонларнинг шахсий ҳуқуқларини топтовчи ва чекловчи ахборот ташвиқотлари олиб бориш ҳолатлари аниқланди», дея қайд этилади баёнотда.
Вазирлик маълумотига кўра, диний мавзуда чиқишлар қиладиган ва шу соҳада фаолият юритадиган айрим шахслар томонидан аёлларнинг машина ҳайдашига субъектив баҳо бериш, уларнинг машғулот турини эркин танлаш ҳуқуқини чеклаш, айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини тўхтатиш, айрим жаҳон дурдоналари саналадиган санъат асарларини сотиш (фойдаланиш)ни чеклаш, бошқа диний қарашларга ишончсизлик уйғотиш, ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганларга нисбатан нафрат уйғотиш, Ўзбекистондаги дунёвийлик принципига монанд қонунлар билан ўрнатилган қоидаларни шубҳа остига олиш ва бошқа шу кабиларни тарғиб қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
«Айниқса, жамиятнинг муайян қатлами бошқаларнинг қарашлари, хатти-ҳаракатлари, турмуш-тарзига фақат битта ўлчам — ўзларининг ахлоқий-диний қарашлари мезони билан баҳо беришига тоқат қилиб бўлмайди», дея таъкидлайди вазирлик.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш мумкин эмаслиги аниқ белгилаб қўйилган. Мазкур норма Ўзбекистон миллий қонунчилигига тўлиқ имплементация қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Конституциясининг 25-моддасида ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги, 27-моддасида шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.
«Албатта, аҳоли, айниқса ёшларни онгига Ўзбекистон жамиятининг бой тарихий-маънавий қадриятларини сингдириш мақсадга мувофиқ. Адлия вазирлиги тарбия муҳимлигини таъкидлагани ҳолда, бу жараён инсон ҳуқуқлари бузилиши, айниқса, фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш ҳисобига амалга оширилишига йўл қўйиб бўлмаслигини қайд этади», дея таъкидлайди вазирлик.














