Қашқадарё вилоятидаги Акба олтин конида Озарбойжон компанияси томонидан комплекс геологик қидирув ишлари олиб борилади. Бу ҳақда AzerGold акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.
AzerGold Ўзбекистонда AzerGold Uzbekistan номли масъулияти чекланган жамият шаклидаги шуъба корхонасини расман рўйхатдан ўтказди. Янги тузилманинг асосий вазифаси икки мамлакат ўртасида тоғ-кон саноати ва геологик қидирув соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Дастлабки босқичда Қашқадарё вилоятидаги Акба олтин конининг минерал ресурслари баҳоланади ва уни саноат миқёсида ўзлаштиришнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ўрганилади.
Айни пайтда кон ҳудудида иш бошлаш учун зарур рухсатномаларни олиш жараёни давом этмоқда. Ўзбекистон ҳукумати томонидан тегишли лицензия берилгач, 18 ойга мўлжалланган геологик қидирув ишлари бошланади.
Бу даврда кон бўйича мавжуд геологик маълумотлар таҳлил қилиниб, қўшимча қидирув ишлари олиб борилади. Минерал ресурслар халқаро JORC кодекси талабларига мувофиқ баҳоланади. Шунингдек, металлургик синовлар ўтказилиб, қазиб олиш технологиялари ва лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири ўрганилади.
Қидирув ишлари якунланганидан сўнг конни ўзлаштириш бўйича якуний техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилади. Тадқиқот натижалари асосида тайёрланадиган инвестиция таклифи Ўзбекистоннинг тегишли давлат органларига тақдим этилади.
Лойиҳанинг ҳуқуқий асоси 2026 йил 17 июнда AzerGold ва Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ўртасида Акба олтин конини биргаликда ўзлаштириш бўйича имзоланган келишув ҳисобланади.
AzerGold Ўзбекистондаги фаолиятини Акба кони билан чекламоқчи эмас. Компания Навоий ва Нурота шаҳарлари оралиғидаги истиқболли ҳудудларда ҳам геологик қидирув ишларини ташкил этишни режалаштирмоқда. Шу мақсадда махсус қўшма корхона тузилади. Унинг ташкил этилиши 2026 йил 17 июлда AzerGold, «Ўзбекгеологоразведка» АЖ ҳамда Озарбойжон–Ўзбекистон инвестиция компанияси ўртасида имзоланган уч томонлама келишувда назарда тутилган. Ҳозирда қўшма корхонанинг таъсис ҳужжатларини келишиш ва зарур давлат рухсатномаларини олиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида дастлабки икки йил учун геологик қидирув ишлари ва уларни молиялаштириш режаси ҳам ишлаб чиқилган.
Қўшма корхона тўлиқ ишга тушгач, истиқболли ҳудудларда босқичма-босқич геологик тадқиқотлар ўтказилади. Агар улар натижасида иқтисодий жиҳатдан самарали қазиб олиш имконини берадиган фойдали қазилма захиралари аниқланса, томонлар тегишли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва конларни биргаликда ўзлаштиришга киришади.













